Спорт | 15:30 / 27.08.2018
15202
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Ўзбекистонда навбатдаги кумуш медал

Ўзбекистон карате жамоасининг -50 кг вазн тоифасидаги вакили Баҳринисо Бабаева Осиё ўйинлари кумуш медалига сазовор бўлди.

У олтин медаль учун Хитой Тайпейи вакиласи Шиашуанг Гуга қарши татамига чиқиб, 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди ва кумуш медал билан кифояланадиган бўлди.

Фото: Анвар Ильясов
Фото: Анвар Ильясов
Фото: Анвар Ильясов
Фото: Анвар Ильясов

Баҳринисо Бабаева финалга қадар филиппинлик Жунна Сукини, Бирлашган Араб амирликлари вакили Алажми Ҳаврани ва таиландлик Раксачарт Павинани мағлубиятга учратганди.

 -84 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шаҳбоз Ахатов бронза медали учун жангда Хитой Тайпейи вакили Ву Чунвейга имкониятни бой берди. Якуний ҳисоб 5:5 кўринишини олганди. Аммо, ҳакамлар фаоллик эвазига ғалабани рақибга беришди.

Шаҳбоз Аҳатов нимчорак финалда Қирғизистон вакили Ганжали Аббосовни 8:1 ҳисобида мағлуб этганди. У чорак финалда ҳиндистонлик Вишалдан ҳам устун келди - 8:0. 

Аммо у ярим финалда япониялик Арага Рютарога 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйганди.

-68 кг вазн тоифасида иштирок этган Дилдор Аннадурдиева илк жангидаёқ қозоғистонлик Гузаля Гафуровага 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Гафурова финалга етиб боргач, Аннадурдиевда бронза медал учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Аммо медал учун ўтиш жангида қатнашган Аннадурдиева эронлик рақибига 0:3 ҳисобида ютқазди.

Шунингдек, -75кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Дастонбек Отаболаев илк жангида иорданиялик Башар Алнажжарга 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради ва турнирдаги иштирокини тўхтатди.

Бу Ўзбекистон карате жамоасининг Осиё ўйинларида қўлга киритган учинчи медали бўлди. Бундан аввалроқ -60 кг вазн тоифасида иштирок этган Садриддин Сайматов ҳамда -61 кг вазн тоифасида иштирок этган Барно Мирзаева бронза медал совриндорига айланган.

Айни вақтга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 30тага етди - 6 олтин, 12 кумуш ва 12 бронза.

Мавзуга оид