Олимпиаданинг энг ғалати чемпиони. Эронлик каратечи ҳушдан кетса ҳам олтин олди
Эронлик cпортчи финалда ожиз қолди ва саудиялик рақиби зарбасидан кейин ҳушини йўқотди. Кўзини очганида эса унга Олимпиада чемпиони бўлганини айтишди.

Фото: HARRY HOW/GETTY IMAGES
Олимпия ўйинларидаги ғалабани ҳар ким ўзича нишонлайди. Кимдир олам жаҳонга сиғмасдан сакрайди, кимдир кўз ёшларини тия олмасдан тиз чўкади… Аммо Олимпия чемпионлигини энг оригинал кўринишда кутиб олган спортчи Эрон вакили бўлди.
Сажад Ганжазода ҳушини йўқотиб, замбилда ётганида Олимпия чемпиони бўлди.
Аммо уни нокаутга учратган зарба бўлмаганида, унда олтин учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. У 2020 йилги Олимпиаданинг энг ғалати чемпионига айланди.
Карате муаммоларсиз дебют қилолмади
Токиода карате илк бор ва бир мартага олимпия дастурига киритилди. 2024 йилда бу спорт тури ўйинларда бўлмайди. Шундай экан, Токиодаги турнир каратечилар учун Олимпиадада олтин олишнинг ягона имконияти эди.
Каратени олимпия дастурига киритиш учун ҳаракат қилаётган амалдорлар бундай дебютни орзу қилишмагани аниқ. Аввалига ўйинлардаги ягона россиялик каратечи Анна Чернишёва коронавирус чиққани учун четлатилди.
Кейин озарбойжонлик спортчи Рафаэль Агаев ўзини финалда енгган италиялик рақибига гуруҳ босқичида у гуруҳдан чиқиши учун атайлаб ютқазиб берганига ишора қилди. Аммо каратенинг Олимпиададан мунтазам ўрин эгаллаши истиқболига кумитэ бўйича +75 кг вазн тоифасидаги эркаклар финалидаги воқеа катта зарба берди.
Ҳушдан кетган ҳолда қандай чемпион бўлиш мумкин?
Эронлик Сажад Ганжазода ва саудия арабистонилик Тариқ Ҳамеди ўртасидаги финал баҳси якунланишига икки дақиқа вақт қолганида уларнинг иккинчиси 4:0 ҳисобида ишонч билан олдинда бораётганди. Аммо Тариқнинг навбатдаги зарбаси рақибнинг корпус қисмига эмас, бўйнига тегади. Эронлик жароҳат олади ва ҳушини йўқотиб йиқилади. Уни дарҳол замбилга солиб, татами ташқарисига олиб чиқишади.

Саудия Арабистонидан бўлган каратечи эса рухсат этилмаган ҳаракатни амалга оширгани учун дисквалификацияга учраб, фақат кумуш билан кифояланади. Олтин эса баҳс давомида очиқчасига ютқазган ва рақиб унга тақиқланган зарбани бермаганида вазиятни ўнглаш учун ҳеч қандай имконга эга бўлмаган Ганжазодага берилади.
Ўзига келган эронликка Олимпия чемпиони бўлганини айтишди. У Токио Олимпиадасидаги энг ноодатий чемпион бўлди
«Нима бўлганини аниқ билмайман. Билганим, ютқазаётгандим ва вазиятни ўнглашга ҳаракат қилаётгандим. Ундан кейин эса замбилда кўз очдим. Мени ҳушимга келтиришганда мураббий ғалаба қозонганимни айтди. Умуман олганда, соғлигим жойида. Фақат бошимда кучли оғриқ бор. Бу медални ютганимдан хурсандман, аммо рақибимга ачиняпман», — деган Ганжазода.
Эронлик рақиб зарбасидан ҳушидан кетган бўлса-да олтин олди. Ҳаётидаги энг юксак совринга жуда яқин келган саудиялик каратечи ҳам аламзада эмас ва вазиятга тўғри ёндашди.
«Олтин медал олиш орзум эди, аммо кумуш олиш ҳам мен учун катта шараф, мен Саудия Арабистонига медал тақдим этган ягона спортчи бўлганимдан фахрланаман. Карате — ажойиб спорт тури. Бу шунчаки жанг санъати эмас. Бу спорт интизомга, ҳурматга ва ўзини назорат қилишга ўргатади», деган Ҳамеди.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Финландияда руслар қурган қалъа 1 еврога сотилди
Жаҳон | 00:36
-
Депутатлар Ўзбекистоннинг ядровий зарарни қоплаш бўйича конвенцияга қўшилишини маъқуллади
Ўзбекистон | 23:46 / 27.05.2025
-
Янги сунъий интеллект модели ёлғон гапириш ва одамларни шантаж қилишни ўрганиб олди
Фан-техника | 23:35 / 27.05.2025
-
Океандаги олди-берди: Британия Чагос оролини нега топширди?
Жаҳон | 23:08 / 27.05.2025
Мавзуга оид

19:17 / 19.01.2021
Нурхон Нафасов карате федерациясидаги муаммолар ҳақида гапирди

21:50 / 27.08.2018
Осиё ўйинларида тўққизинчи кун. Қозоғистон Ўзбекистондан ўзиб кетди

15:30 / 27.08.2018
Осиё ўйинлари. Ўзбекистонда навбатдаги кумуш медал

15:00 / 27.08.2018