Ўзбекистон | 23:29 / 27.08.2018
22930
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодиётини муваффақиятга элтувчи 7 саволга эксперт жавоби

​Иқтисодий ўсиш, инфляция ва аҳоли бандлиги ҳар қандай мамлакатда асосий макроиқтисодий масалалардан бири ҳисобланади. Муаммо шундаки, бу вазифаларнинг барчасини мақсад қилиб олган ҳукумат уларга бир вақтда эриша олмайди: мамлакат юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичига эришса, инфляция даражаси ҳам баланд бўлиши, паст инфляция бўлганда эса ишсизлик даражаси ўсиб кетиши[1] ва иш билан бандлик даражасининг пасайиши кутилади. Шу сабабли, дунё мамлакатлари тажрибасида инфляция даражасини маълум даражада ушлаб, иқтисодий ўсишни максималлаштириш каби мақсадни ўз олдига қўйиш кузатилмоқда.

Макроиқтисодий вазифаларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилгани боис, ушбу мақолада иқтисодий ўсишга доир масалаларга амалий урғу беришни мақсад қилиб олдик. Иқтисодий ўсиш иқтисодий тушунча бўлишига қарамай, унга эришиш йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар кўлами фуқаролар жамиятининг барча жабҳалари, жумладан қишлоқ хўжалиги, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларни қамраб олади.

Аввало, иқтисодий ўсиш аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун зарурдир. Масалан, ривожланган мамлакатларда яшовчи аҳоли узоқроқ умр кўради, нисбатан яхшироқ соғлиқ кўрсаткичи ва юқорироқ даромадга эга бўлади. Ривожланаётган мамлакатларда эса аҳолининг турмуш тарзини яхшилашнинг бирдан бир йўли – бу иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини топишдан иборат, чунки иқтисодий ўсиш иқтисодиётда янги иш ўринларини яратишга замин яратади.

Ҳақиқатан, Хитой, Корея ва Вьетнам каби мамлакатларда кузатилган юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ушбу мамлакатларда қашшоқлик даражасини кескин пасайтиришга имкон берди. Иқтисодий ўсиш йўқ бўлган шароитда эса аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши кутилмайди[2]. Иқтисодий ўсиш мавзусини атрофлича ўрганиш мақсадида иқтисодий ўсиш масалари бўйича эксперт – Жорж Вашингтон университети (АҚШ) профессори Денни Лайпцигер ва Молия вазирлиги раҳбарияти иштирокида жорий йилнинг август ойида давра суҳбати бўлиб ўтди. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджет-солиқ тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда муҳокамада кўтарилган айрим иқтисодий масалалар ва эксперт жавоблари Ўзбекистон шароитида татбиқ қилиш нуқтаи назаридан қизиқарли бўлгани учун уларни бир-бирига боғланган мавзуларга ажратилди ва шуларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фото: Молия вазирлиги матбуот хизмати

1-мавзу: Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадини икки марта ошириш учун қандай ишлар амалга оширилиши керак?

Саноқли давлатларгина барқарор равишда йилига 7 фоиз даражада иқтисодий ўсиш суратларига эришган. Бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар кутилган натижаларни берса, Ўзбекистон бундай мамлакатлар қаторига кириш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, бу савол фақат юқори иқтисодий ўсишга эришиш масаласи эмас, балки бу ўсишдан ким наф кўриши ҳақида ҳам бўлиши керак. Шундай экан, миллатнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган иқтисодий ва ижтимоий сиёсат балансини таъминлаш керак.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни икки марта ошириш учун Иқтисодий ўсиш ва ривожланиш комиссияси[3] ислоҳотларни тўғри амалга ошириш кераклиги ва бу узоқ муддатли жараён эканлигини таъкидлайди. Иқтисодий ресурслар самарали ишлатилиши лозим. Бу (1) капитал ресурслари биринчи навбатда самараси юқори бўлган секторларга йўналтирилиши; (2) инсон капитали ривожлантирилиши ва ундан самарали фойдаланилиши; (3) тўғри нарх сигналларини акс этган ишлаб чиқариш ташқи бозорларда рақобатбардош ва экспортбоп бўлиши; (4) иқтисодий сиёсатнинг барқарор ва тўғри координация қилиниши; ва (5) мамлакат келгуси 10 ёки 20 йил ичида қандай ривожланиш даражасига эришиши тўғрисида аниқ мақсадларга эга бўлиши лозим.

Фото: pexels

Санаб ўтилган беш омилга эришиш мураккаб масала сифатида кўрилади. Ўзбекистон учун бу – янада мураккаб жараён, чунки бугунги кунда у бозор иқтисодиётига ўтиш давридадир. Ушбу омилларнинг барчасига бирданига эришиб бўлмайди, лекин иқтисодиётни ортга тортаётган соҳалар аниқ белгиланиши ва улардаги муаммоларни бартараф этиш режалари пухта тузилиши лозим.

Ўзбекистонда валюта бозори ва амалга оширилаётган нарх либерализацияси соҳаларидаги ислоҳотлар асосий қадам бўлди. Бу ислоҳотлар, умумий маънода, солиқлар орқали давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган давлат инвестицияларини амалга ошириш учун, жумладан, инфраструктура, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда янги технологияларни жорий қилиш учун изчил давом эттирилиши керак.

2-мавзу: Ўзбекистонда биринчи навбатда ислоҳ этилиши зарур соҳалар қайси?

Жаҳон банки ва бошқа турли йўналишларга эга бўлган ташкилотлар ёрдамида ислоҳот йўналишлари белгиланади. Бунда, ислоҳ қилиниши зарур соҳалар аниқлангандан сўнг, ислоҳотларнинг жамият учун оқибатларини тушуниб етиш, бундай босқичдан ўтган бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва танланган ислоҳотларни самарали ва тўғри координация қилиш мураккаб вазифа сифатида кўрилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳукумат ислоҳотларнинг тўғри ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўрмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар учун муайян ислоҳотларнинг нима учун амалга оширилаётгани, уларнинг асосий мақсадлари ва узоқ муддатда қандай наф олишлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Фото: pexels

Ислоҳотларни амалга ошириш, белгиланган вазифаларни бажаришда “эски” усуллардан воз кечиб, янги усулларга ўтишни тақозо этади. Ҳукумат бу ўтиш даври қийинчиликларидан хабардор бўлиши ва уларга тайёр бўлиши керак. Мен ислоҳотларнинг устувор йўналишлари рўйхатида (1) ялпи ички маҳсулот ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имконини берувчи қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар; (2) давлат корхоналаридан кўра кичик ва янги корхоналарга кредит ресурсларини ажратиш; (3) энергетика сектори самарадорлигини ошириш; (4) тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур бошқарув ва суд ислоҳотлари; ва, шунингдек, (5) давлат ва хусусий корхоналар экспортини рағбатлантирувчи ислоҳотларни киритган бўлардим, чунки экспорт миллий самарадорлик ўлчовини таъминлайди.

3-мавзу: Давлат корхоналарининг самарадорлиги ҳақида

Давлат корхоналари ҳақидаги фикрим прагматик. Айрим саноат турларининг табиати уларнинг давлат корхоналари сифатида иш юритишини тақозо этади. Бошқалари эса давлат корхоналари сифатида иқтисодий афзалликка эга эмас. Бундан ташқари, иккала ҳолатга ҳам бир вақтда тегишли (“кулранг” соҳа) саноат турлари мавжуд. Сув ва санитария хизматларини кўрсатиш соҳаси, масалан, мен учун “кулранг” соҳага киради, чунки давлат корхонаси сифатида фирма фаолияти самарали ёки самарасиз бўлиши мумкин. Бундай фирма хусусий бўлса, тартибга солиш органи фаолиятининг сифатига боғлиқ равишда, самарали ёки самарасиз бўлиши мумкин. Лекин, цемент ишлаб чиқариш, автомобил ишлаб чиқариш ёки тўқимачилик соҳаларида самарали давлат корхоналари камдан-кам учрайди. Шунинг учун менинг бу борадаги фикрим прагматик, яъни, ресурсларни керак бўлмаган соҳадаги давлат корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилишига қатъий қаршиман, чунки бу ҳолат хусусий капитални “сиқиб” чиқаради. Бунинг устига, бундай корхоналар монополия статусига эга бўлса, улар ўта юқори даражадаги нархлар ўрнатиб, янги фирмаларнинг бозор иштирокчиси сифатида фаолият юритиши ва соғлом рақобатни таъминлашига тўсқинлик қилади.

Жаҳон тажрибасида хусусий сектор яхшироқ хизмат кўрсатиши мумкинлиги ҳақида кучли ишонч бор. Бироқ, хусусий сектор унинг фаолияти тўғри тартибга солингандагина яхши натижа беради. Давлат корхонаси монополиясини хусусий корхона монополиясига алмаштиришнинг ҳеч қандай афзаллиги йўқ. Бунга Мексикада амалга оширилган телекоммуникация секторини хусусийлаштириш ва унинг оқибатлари яққол мисол бўлиши мумкин. Шунинг учун хусусийлаштириш жараёнини тўғри тартибга солиш ва бошқарув билан биргаликда амалга оширилиши лозим.

Фото: pexels

4-мавзу: Рақобат ҳақида кўп гапирамиз. Унинг ислоҳотлар муваффақиятли бўлишида аҳамияти қандай?

Ушбу боғлиқликни пайқаганингиз жуда тўғри. Шуниси аёнки, ички бозори ҳимояланиб, паст даражадаги рақобатга эга давлатлар камдан кам ҳолатда глобал бозорда рақобатбардош бўлади. Бозор иқтисодиётига ўтувчи мамлакатларда, одатда, рақобат қўмиталари ҳукумат эътиборидан четда қолиб, улар қонуний ваколатлари чекланган бўлади. Шунинг учун, маҳаллий фирмалар ички бозорда ўзини яхши ҳис қилади, чунки импорт чекловлари уларнинг ҳолатларини мустаҳкамлашга ёрдам вазифасини ўтайди. Бундай ҳолатда ушбу фирмалар янада самарали бўлишга интиладими? Хориж мамлакатлари бозорига чиқишга ҳаракат қиладими? Ишончим комилки, дунё миқёсида рақобатбардошликка эришиш учун фирмалар маҳаллий бозорда ўз мавқеи учун курашиши керак ва бу ички рақобат даражаси муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Яна бир омил – технологиянинг ишлаб чиқариш жараёни ва жойи қайси турдаги янги маҳсулотларни таклиф этиш йўлларини ўзгартирмоқда. Бу фирмаларнинг ўзгаришларга мослашувчан ҳамда келажакка назар солиб фаолият юргизишини тақозо этади. Бундан ташқари, янги фирмалар ўз ғоя ва технологиялари билан бозорга кира олиши, керак бўлганда молиявий ресурслар топа олиши, ғоя етарли даражада кучли бўлса, керакли ҳажмда ишлаб чиқариб, экспорт қила олиши лозим. Бу маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тегишли бўлса-да, хизматлар соҳасида қўлланилиши кўпроқ учрайди.

Яна бир марта таъкидлаш жоизки, рақобат бозор самарадорлигини оширади.

5-мавзу: Гарчи бозор иқтисодиёти юқори натижаларга эришиш имкониятини берса-да, бир қатор давлатлар саноат сиёсати[4]ни амалга оширган ва бу орқали устувор корхоналарни танлаб олган. Ўзбекистон қандай иқтисодий сиёсат юритиши керак?

Саноат сиёсати кўплаб шаклларда намоён бўлиши мумкин. Агар ҳукумат устувор корхоналарни керакли шарт-шароит яратмасдан танласа, бундай қарор муваффақиятсиз бўлиши мумкин. Макроиқтисодий бошқаруви суст бўлиб, иқтисодий ресурс нархлари ва тақсимланиши “нотўғри” бўлган давлатларда саноат сиёсатини юритиш яхши ғоя ҳисобланмайди. Шарқий Осиёдаги бир қатор давлатлар бундай сиёсатни амалга оширган, баъзилари яхши натижаларга эришган бўлса-да, йўл қўйилган хатолар, коррупция ва устувор бўлмаган саноатга кўрсатилган босим ушбу сиёсатни қимматга туширган.

Корея ва Малайзия давлатлари ушбу турдаги тажрибани бошдан кечирдилар ва уларда бундай сиёсатни амалга ошириш учун шарт-шароити мавжуд эди. Сингапурда фаол саноат сиёсати билан бирга махсус давлат ва бизнес орасидаги муносабатлар ҳам ўрнатилган. Хитой келажакда кучли давлат сиёсати юритишини эълон қилди, лекин бундай сиёсатни молиялаштириш учун катта миқдордаги жамғарма фондларини тўғри йўналтириш масаласи турибди.

Кўп мамлакатлар муайян турдаги инновация сиёсатига эга ва бунда қўйиладиган асосий масала –хатти-ҳаракатларнинг қанчалик муваффақиятли ва самарали ташкил қилиниши. Инновация сиёсатини муваффақиятли амалга оширган мамлакатларда очиқ бозор, етарли венчур капитали мавжуд ва экспортни рағбатлантирувчи муҳит ҳукм сурган. Инновация сиёсати ва саноат сиёсати ўртасида катта фарқ бўлса-да, бир секторга иқтисодий сиёсатни йўналтириш мумкин, лекин алоҳида тор ёки кичик саноат ва корхона учун бундай қилишдан қочиш керак. Шундай экан, бозор муносабатларига ўтиш давридаги мамлакатларга менинг тавсиям: тор даражадаги саноат сиёсатидан узоқ туриш керак.

6-мавзу: Ўзбекистонда макроиқтисодий бошқарувнинг амалга оширилиши ва координацияси тўғрисида нималар дейиш мумкин?

Биринчидан, макроиқтисодий бошқарув ҳукуматнинг сиёсий кучини ифодалагани боис уни кўллаб-қувватлаш керак. Макроиқтисодий машинанинг турли қисмлари бир бири билан яқиндан ҳамкорлик қилиши ва оғир вазиятларга тайёр бўлиши зарур – бу етарли захира (ва экспортни ривожлантириш) йиғиш ёки келажакка қаратилган барқарор бюджет даромадларини таъминлашни назарда тутади. Бу - Шарқий Осиёда мамлакатлари иқтисодий муваффақиятларидан келиб чиқадиган дарсдир.

Мавзуга оид