Ўзбекистон | 20:50 / 28.08.2018
30786
14 дақиқада ўқилади

Асл маънавият демократияга зид эмас! «Маънавиятчилар»нинг маънавиятсизлиги ҳақида

Бир журналистнинг ўз фикрини баён этгани учун уни халқ душмани ёки маънавиятсизликда айблашнинг ўзи маънавиятсизликдир.

Вольтер айтганидек, «Мен сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо бу фикрингизни айтишингиз учун жонимни беришга тайёрман». 

Мен ҳам Никита Макаренконинг фикрига қўшилмаслигим мумкин, қарши бўлишим мумкин, аммо унинг ўз фикрини баён этиш ҳуқуқи учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман. Макаренконинг мақоласидан кейинги чиқишлару, баланд овозлар, кўр-кўрона ёзилган қарғиш тўла раддиялар билан биз узоққа боролмаймиз. Энг ачинарлиси, узоққа бориш тугул, бугунги маънавий нуқтамиз ҳам абгорлигини кўрсатдик. Келинг бу ҳолатни бир таҳлил қилиб кўрсак.

Тунги клублар керакми ёки йўқ?

Бу ерда муҳим бир нуқтадан бошлашни истардим. Бугунги Ўзбекистон Президент бошчилигида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда! Бунда биз мамлакат ва миллат ўлароқ танлаган йўл – ҳуқуқий демократик жамият тузиш йўли. Аввалгисидан фарқли ўлароқ ёлғондан эмас, номигагина эмас, сирти демократик, ичи автократик эмас, чин ва ҳақиқий ҳуқуқий демократик жамият тузиш йўлини танладик. Бу ҳақда Президент бутун дунёга маълум қилди. Нафақат оғзаки маълум қилди. Ташқи кучлар ва ички кучларга ҳам ўз қатъиятини исбот қилувчи координал ислоҳотларни бошлади. Аввалгидек, айтди қўйди, бир йилда унутилади деган тушунчалар билан бундан буён ишлаб бўлмаслигини давлат амалдорлари, масъуллар ҳис қила бошлашди. Ҳис қилмагани, унга кўнмагани лавозимидан олинмоқда. Шу ўринда кадрлар сиёсатидаги тез-тез ўзгаришлар ва ёш кадрларнинг қўрқмасдан масъул лавозимларга тайинланиши бу жараённинг амалга ошиши учун, яъни кўзланган мақсадга эришиш учун воз кечиб бўлмас бир эҳтиёж эканлигини кўрсатади. Яъни, президент янги насл бошқарув кадрларини –  янги тафаккурга соҳиб, маънан етук ҳамда кенг мушоҳадали кадрларни давлат бошқарув  аппаратига олиб келиш зарурияти шу билан изоҳланадики, тараққиётнинг янги босқичига мамлакатни фақатгина коррупцияга мойил бўлмаган, дунёга кенг назар сола оладиган, демократик қадриятларни ҳис қила олган насл олиб чиқа олади.

Аввалги мақолаларимда ҳам бугун бизда тўрт хил мафкуравий танлов борлигини, энг асосийси қай бирини танлашимиздан қатъи назар яхшиси баробарида ёмон тарафи бўлишини инобатга олишимиз зарурлиги ҳақида ёзгандим. Яъни, бизда яхши ёки ёмон орасида танлов йўқ. Инсон ва инсониятнинг, давлатнинг қисмати шундай азал-азалдан. Ҳамиша ёмондан кўра яхшироғини танлаш имкони бор холос. Шундай экан, демократик тараққиётнинг ҳам ўзига мос, аммо бизга ноқулай, миллий менталитетимизга уйғун бўлмаган тарафлари борлиги рост. Аммо, бу муаммоларни ҳал қилишнинг демократик механизмлари ҳам мавжуд. Энг асосийси, ҳар бир муаммога демократик тушунча билан ёндашилса бас.

Демократик ҳуқуқий йўлни танлаган ҳар бир давлат энг асосийси эркин бозор муносабатларини танлаган бўлади. Мамлакат иқтисодиёти, халқ фаровонлиги халқнинг тўқлигини эркин бозор муносабатлари ва инвестицияларнинг кафолатлангани, иқтисоддаги адолат таъминлайди. Бугунги ҳолат ҳаммага аён. Ўзбекистон иқтисодиёти инвестицияларга муҳтож. Инвестицияларни жалб этиш учун эса инвестицион муҳит яратилиши керак. Давлат кафолати ва имтиёзлар албатта зарур. Аммо, инвестор учун энг муҳими инвестиция киргизаётган мамлакати қонунларнинг ишлаши шаффоф бўлишидир. Бунда барча ҳолат муҳим. Ислом мамлакатларидан келадиган инвесторлар учун демократик давлатмиз дея даъво қилинаётган мамлакатда мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши, ғарб давлатларидан келаётганлар учун ҳуқуқсизликка имкон берилмаслиги ва мансаб ваколатларини давлат хизматчилари, давлат арбоблари суиистеъмол қилмасликлари, коррупциянинг кўрсаткичи юқори бўлмаслиги муҳим. Янада очиқроқ айтсак, соқол қўйгани учун, ҳижоб кийгани учун мусулмонлар таъқибга учраётган, ёш болалари масжидга кириши тақиқланган мамлакатга ҳеч қайси мусулмон банки, мусулмон мамлакатидаги катта сармоядорлар инвестиция киритмайди. Худдики, ҳамма келишувлар коррупцион йўл билан келишиладиган, кўзига яхши кўрингани учун кимнингдир бизнесини тортиб олиш ҳолатлари учрайдиган, қонун эмас давлат амалдори хоҳишига кўра чора кўриладиган мамлакатга ғарб сармоядорлари ва корпорациялари инвестиция киритмаганлари каби. Шу ўринда нозик бир нуқтага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Масжидларга ёш болаларнинг ибодат учун киришини истамаётган баъзи мулозимларга бир саволим бор. Ўзбекистонда агар мусулмон ёш болалар ибодат учун масжидга киришини истамасангиз, ва қонун ҳамма учун бир бўлса, марҳамат христиан вояга етмаган ёш болаларига ҳам черковга боришга, яҳудий болачаларига синагогга боришига тақиқ қўя оласизми? Тақиққаку жасоратингиз етмайди, ҳеч бўлмаса бориши мақсадга мувофиқ эмас дея оласизми? Албатта, йўқ. Нега? Сабабини менданам кўра ўзингиз яхши биласиз. Мен болаларнинг ўқишини ташлаб масжидга югуришига қатъиян қаршиман. Илм ибодатдан афзал деган қатъий тушунчам бор. Аммо, масжидга кирган ёш болачалар у ерда диний таълим олади, кейин террористик ҳаракатга қўшилиб қолади деган фобияларга ҳам қаршиман. Масжидда ким имом? Давлат очиб қўйган мадраса, маҳадларни битирган домлаларимиз эмасми? Муаммо нимада? Биз уларга ишонмаймизми?  Унда шунча диний илм даргоҳларимиз нега керак? Парадокс...

Майли мавзуга қайтсак. Бугун мамлакат иқтисодиёти муҳтож бўлган инвестициялар ва четдан сармояларни жалб этиш учун мамлакат ичидаги осудалик билан бирга кўнгилочар инфратузилмаларнинг ривожланиши ҳам жуда муҳим. Яъники, мамлакат иқтисодига фойда келтирадиган туризм соҳаси ривожи учун тунги клублар, эрталабгача ишлайдиган кафе-ресторанлар, 24 соат ишлайдиган дорихона ва озиқ-овқат дўконлари зарур. Ундан ҳам зарури, туристлар ўзларини бу эркинликларидан фойдаланиб дам олишларида ўзларини хавфсизликда ҳис қилишларидир. Аммо, хавфсизликни таъминлаш учун эркинликнинг чегараланиши ҳаммасини саробга айлантиради. Демократик давлатда хавфсизликни таъминлашнинг демократик ва профессионал ечимлари кўп. Тунги клублар бўладими бошқасими, бизда бугун профессионал қўриқлаш хусусий ширкатларига эҳтиёж пайдо бўлгани бор ҳақиқатдир. Албатта, аввалига бунда ҳам муаммолар пайдо бўлади бошида. Аммо табиат қонуни вақт ўтган сари ўз кучини кўрсатади. Яъники, аввал сон кўпаяди, кейин эса сифат. Давлат  томонидан қўйиладиган қатъий стандартларга амал қилмаган ширкатлар ёпилади. Амал қиладиганлари қолади. Қотил эмас, ҳақиқатда қўриқчилар қолади. Бундай ширкатларнинг катта солиқ ставкалари асосида солиққа тортилиши бир тарафдан давлатга тушумларни кўпайтирса, бошқа тарафдан уларни профессионал бўлишга мажбур этади бу ҳолат. Тунги клуб ёки бошқа кўнгилочар инфраструктура объектларини эса қонуний тартибда лицензияга эга профессионал қўриқлаш ширкатлари, яъни қўриқчилари профессионал инструктаж ва тайёрловдан ўтган ширкатлар хизматидан фойдаланишга мажбурлаб қўйиш муаммони ҳал қилади. Тўғри, бунинг натижасида тунги клубларга кириш, у ерда дам олиш қимматлашади. Аммо, биринчидан давлатга тушум ҳам ортади, иккинчидан эса, маза қилмоқчимисан, марҳамат, ҳамма нарсанинг бадали бўлгани каби, маза қилишнинг ҳашамат солиғини (налог на роскошь) тўла ва маза қил. Ишонинг, бир кеча тунги клубда шунчаки дам олиш учун энг ози юз доллар ёки икки юз доллар сарфлайдиганлар орасида жанжалга ўчлари жуда кам бўлади. Шу ўринда тунги клубга кирадиганларнинг ҳаммаси бузуқ ахлоқли, кайфу сафога муккасидан кетган деган стереотипларни бузиш вақти келди. Мен билган, таниган одамларимнинг тунги клубга борадиганлари орасида деярли барчаси тинчгина мусиқа эшитиб, рақсга тушиб, дам олиб, тинчгина уйига кетади. Улар ижтимоий ҳаётда мамлакат иқтисодини кўтараётган оддий бизнесмен, ўз ишини фидойилик билан бажараётган давлат хизматчиларидир. Ибратли оила эгаларидир. Ҳеч қандай маънан бузуқ инсонлар эмас. 

 Агар тунги клубга пичоқ билан келадиган спортчилар мавжуд бўлса, тунги клубда одамни ҳайвондан баттар бўғизлаб ташлайдиган қўриқчилар бўлса, муаммо тунги клубнинг мавжудлигида ёки очиқлигида эмас. Фақатгина шу ҳолат бўйича таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, муаммо энг аввало бир чемпион йигитнинг чемпион бўлишига қарамасдан анча ойдан бери ишсиз қолганида, ўз кучига манмансираб зўравонлик қилаётганида отаси тартибга чақирмаганида, тунги клубга ёлланма қўриқчиларни ишга олиб, уларга бита ва пичоқ қўллашга рухсат берган тунги клуб эгасида. Энг асосийси, қайсидир қонуннинг йўқлигида эмас, қайсидир қонуннинг ишламаслигида, қонун барча учун бир деган тамойилнинг амалда эмаслигида.

Буларнинг эса глобал сабаби нимада биласизми?

Ҳаммасига сабаб миллий маънавий мафкуранинг оқсашида.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида шакллантирилган, тўқсонинчи йилларнинг ўртасигача такомиллаштирилган, ўтган йиллик бошларида бачканалаштирилиб, жорий ўни йилликда замон талабларига жавоб бермай қолган, сийқаси чиқиб кетган миллий мустақиллик ғояси эскирганини тан олиш вақти келди. Бугун жамиятга янги бир ғоя керак! Давлатга демаяпман. Жамиятга!

Келинг, бу борада ҳам барчасини таҳлил қилишга уриниб кўрайлик. Журналист Макаренкони халқ душманига чиқарган, юксак маънавиятни дастак қилиб уни ҳақоратлаётганлар, чин маънода маънавиятсизлик қилаётганлар, журналистни тоқатсизликда айблаб, тоқатсизлик қилаётганлар позициясига қарайлик. Хўш, ўзи маънавият аслида нима? Арабчадан олинган ушбу сўз инсоннинг маъноли ҳаёт кечириши деган маънони англатади. Миллий мафкура ва маънавият тушунчалари ўзаро чамбарчас боғлиқлиги ҳолда айро-айро тушунчалардир. Бизда миллий мафкура маънавий қадриятларимизга асосланади. Бунга сал кейинроқ тўхталаман. Ҳозир мен маънавият деган тушунчанинг маънавиятчиларимиз шарофати билан демократияга зид бир кўриниш касб этгани ҳақида сўз юритмоқчиман. Биз демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлини танлаган эканмиз, энг асосий демократик тамойил шахс ҳуқуқ ва эркинликларини топтамасликни ўрганишимиз лозим. Шахснинг масъулияти эса алоҳида масала. Аввало жамият шахс ҳуқуқларини эътироф этиши ва ҳурмат қилиши шарт. Демократик қадрият шуки, ҳар бир шахс ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Демократик жамият шуки, у барчанинг фикрини эшитади. Тоқатсизлик қилмайди. Демократик жамиятда плюрализм ҳукм суради. Соғлом тортишувлар, дебатлар бўлади. Аммо, ҳеч ким бошқача фикр билдиргани учунгина ҳақорат ва таҳқирга учрамайди. Маънавият ҳам аслида жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир. Соғлом баҳс мунозарадир. Аслида Макаренконинг мақоласида маънавият сўзи қўштирноққа олингани менинг эътиборимни тортган эди. Никитанинг баъзи фикрларига қўшилмайман, бу бошқа масала. Аммо, қўшилган жойим шуки, бугун маънавият, маънавий таҳдид шиори остида шахс ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилиш, уни ҳақорат ва таҳқирлаш учун восита сифатида фойдалинилмоқда. Маънавиятсизликда тўғри келган одамни айблаб кетаётганларга саволим бор: жаноблар, сиз маънавият ҳақида шунча қайғураркансиз, миллатнинг чин маънавий дарғаси бўлган шоира, миллатнинг жавоҳири – Ҳалима Худойбердиева сиз янглиғ «маънавият жонкуярлари» томонидан ўн йиллаб таҳқирланганда қаерда эдингиз? Президент Шавкат Миромонович адолатни тиклаб, унинг номини оқлаб чиққанидан кейин ҳам нега маънавият «тарғиб» этгувчи тадбирларингизда шоирани кўрмадик? Миллатнинг энг буюк драматурги бўлган Ҳамзага тош отиб, номини қарога чиқарган ҳам сизлар эмасмидингиз? Гапирса гап кўпу... Майли.

Аслида энг буюк маънавият бу инсон ҳурриятини таъминлашдир. Маънавиятга зид деган тамға билан инсон шахсига таҳқир ёғдириш, унинг ҳуқуқларини поймол этиш, ҳақларини чеклаш, миллатнинг тарихини ўзгартиришга ҳаракат қилиш, сиёсатбоп бўлиш учун маддоҳлик қилиш, демократик қадриятларга зид иш кўриш - маънавият эмас!

Агар йўқ бу ҳам маънавий сиёсат десангиз, билингки, бундай «маънавият» алалоқибат кучлининг ҳақли, ҳақлининг кучсиз бўлишига, бунинг бадалини маъсум миллат тўлашига, бунинг натижасида эса хақни танимаган, ҳалолни билмаган бир сиёсат вужудга келишига сабаб бўлади. Бунинг маҳсули ўлароқ паришон бўлган ахлоқ, зиён келтирилган ҳуқуқ ва адолат тушунчалари фақатгина фалокатларни, фақатгина фожиавий оқибатларни вужудга келтиради.

Маънавий тарғибот иши ҳассосликни, заргарликдек нозик ёндашувни талаб этади. Миллий мафкура эса табиий жамият эҳтиёжидир. Бугун миллий маънавиятимизни қайтадан идрок этиб, қайтадан уни чуқурроқ таниб, янги миллий мафкурамизни шакллантириш вақти келди. Маънавият тарғиботи асоси, ядроси президентимиз таъкидлаётган адолатдан ва инсонпарварлик тамойилидан иборат бўлиши керак. Миллий мафкура эса ана шундай миллатни яшатадиган, бўғмайдиган, гуллатадиган, гулларини қирқмайдиган маънавият тарғиботи орқали амалга оширишили зарур.

Ўз позициям сифатида журналист Никита Макаренконинг мақоласи юзасидан қуйидаги фикрларни билдираман: Никита Макаренко ижтимоий долзарб муаммони кўтариб чиққан. Унинг журналист сифатидаги ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши зарур. Журналистнинг телекўрсатув ва ижтимоий тармоқларда ватан хоини сифатида айбланишини қоралайман. Мақоладаги маънавият тўғрисидаги фикрларига қўшилмайман ва бу фикрларни ўта шахсий фикрлари ўлароқ қабул қиламан. Умид қиламанки, миллий маънавият учун масъуллар ортиқча амбиция ва ҳақоратларсиз, Никита Макаренкога ўз муносабатлари, позицияларини профессионал ҳамда соғлом мунозара, конструктив дебат шаклида етказишади.

Қачонки миллат зиёлилари фикрлар хилма-хиллиги ва соғлом мунозарага ўргансалар, мамлакатда чин маънода маънавий юксалиш бўлади.

P.S. Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мавзуга оид