Ўзбекистон | 16:12 / 28.08.2018
2407
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон Адлия вазирликлари ўртасида меморандум имзоланди 

 Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетовнинг 2018 йил 24 август куни Қирғизистоннинг Чўпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг олтинчи мажлисидаги иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Адлия вазирлиги хабар берди.

Меморандумдан кўзланган мақсад халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларига мувофиқ ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашишдан иборат. 

Меморандумга мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини ҳимоя қилиш, норма ижодкорлиги, юридик хизматлар кўрсатиш, юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилади.   

Шунингдек, Меморандумда конференция, семинар, лекция ва амалий машғулотлар ўтказиш, қонунчилик ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш амалиёти, шунингдек юридик адабиётлар ва бошқа нашрлар бўйича ахборот алмашиш, томонлар адлия органлари ва муассасалари фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида  делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма тадқиқотларни ташкил қилиш ва ўтказиш, Томонлар билан келишилган бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган. 

Таъкидлаш жоизки, имзоланган ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳада самарали ҳамкорлик учун ҳуқуқий замин яратади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид