Ўзбекистон | 10:12 / 30.08.2018
4880
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар Нагоя университетида бепул ўқитилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан Ўзбекистонга 2018 йил 28-31 августда Япониянинг Нагоя университети президенти Мацуо Сейити бошчилигидаги Япония делегацияси, шунингдек, Нобель мукофоти лауреати, профессор Р.Ноёрининг ташрифи давом этмоқда. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Нагоя давлат университети делегацияси аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Нагоя университети президенти Мацуо Сейити ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов иштирок этди. 

Музокараларда икки давлат ўртасида илм-фан соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, истиқболли педагог ва илмий кадрларни Япониянинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини оширишни ташкил этиш, қўшма илмий ҳамкорлик ва талабалар алмашинуви дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Учрашув якунида Тошкент давлат техника университети ва Япониянинг Нагоя университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум доирасида ўзбекистонлик иқтидорли талабаларни Нагоя университетида бепул ўқитиш бўйича Нагоя университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасида ўзаро келишувга эришилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид