Жаҳон | 15:30 / 02.09.2018
4735
3 дақиқада ўқилади

Мэй: "Brexit бўйича такрорий рефередум ўтказилмайди"

Фото: Matt Dunham / Reuters

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй The Sunday Telegraph'га берган интервьюсида мамлакат миллий манфаатларига кирмайдиган ҳеч бир чақириқ уни фикридан қайтишга мажбур қила олмаслиги ҳақида маълум қилди. Шу тариқа у Британия амалдаги ҳукуматининг Европа Иттифоқи (ЕИ)дан чиқишга доир режаси ҳимоясига баёнот берди.

Мэй шунингдек иккинчи референдум ўтказилишини талаб қилаётганларга "таслим бўлмаслиги"ни айтди. "Бу бизнинг демократияга нисбатан жирканч хиёнат бўлади", - дейди Британия бош вазири. Гап шундаки, Британия парламентининг баъзи аъзолари кирувчи "Халқ овози" (The People's Vote)ташкилоти иккинчи референдум ўтказилишига чорламоқда. 

2019 йилнинг 29 мартида Буюк Британия Евроиттифоқни тарк этади. Бу санага қадар эса Лондон ва Брюссель блокдан чиқиш шартларига доир келишувга эришиши керак. Июль ойида Британия ҳукумати ЕИдан чиқишга оид келишувни тақдим этди, маҳаллий матбуот бу ҳужжатни Чекерсдаги келишув деб атайди. 

Евроскептиклар ушбу ҳужжатга муқобил келишув тайёрлашмоқда, унинг Британия ТИВнинг собиқ раҳбари Борис Жонсон ва Brexit бўйича собиқ вазир Дэвис Дэвис томонидан қўллаб-қувватланишини кутишмоқда (иккиси ҳам Тереза Мэй позициясини қўлламаслиги сабаб ҳукуматни тарк этган).

"Биз фойдали келишув билан чиқмоқчимиз ва унга эриша олишимизга ишонамиз. Шундай бўлса-да, ҳали кўп музокаралар ўтказиш керак, албатта", - дейди Мэй. Бош вазир Лондон келишувсиз чиқиш эҳтимолига тайёрланаётганини қайд этди. "Баъзи масалалар бўйича ҳам Британияга, ҳам ЕИга жиддий қийинчиликлар бўлади", - таъкидлади у. 

Чекерсда мувофиқлаштирилган режа Британиянинг товарлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича умумевропа стандартлари ҳамда маъёрларига риоя қилишини, бунинг эвазига эса Европа ягона бозорида чекловларсиз савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлишини кўзда тутади. 

Евроскептиклар эса Brexit бўйича қатъий позиция тарафдори, яъни улар Британиянинг Европа ягона бозори ва ЕИ Божхона иттифоқидан чиқиши, шунингдек Британиядаги Европа Иттифоқи суди юрисдикцияси фаолияти тугатилишини талаб қилишмоқда. 


Буюк Британия, Тереза Мэй, Brexit

Мавзуга оид