Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижон туманидаги уч маҳаллада экологик танг ҳолат юз бермоқда
KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиққанимизга бир неча кун бўлди. Аввалига мазкур мақолани байрам кунлари омма эътиборига ҳавола этишга истиҳола қилгандик. Бироқ Андижон вилояти, Андижон туманидаги “Нўҳатак”, “Қашқар” ва “Оби-ҳаёт” маҳаллаларидаги ачинарли экологик ҳолатнинг кундан кунга ёмонлашаётгани долзарб масалага ечимни тезроқ топишга ундади.

Рўй берган ҳолатдан энг кўп азият чекаётган “Нўҳатак” маҳалласига борганимизда бизнинг келганимизни эшитиб, маҳалла аҳли “кўчиб чиқди”.

Ана энди муаммога батафсил тўхталамиз. Бундан беш ой олдин 2018 йилнинг март-апрель ойиларида “Нўҳатак” маҳалласининг қоқ ўртасида жойлашган собиқ ХАТП юк машиналари гаражи ҳудудидаги майдонда хорижий сармоя иштирокида "METKO-PROFI" масъулияти чекланган жамияти иш бошлайди. Аҳоли хонадонлари зич жойлашган ҳудудда иш бошлаган корхонада темир қайта ишланиб, металлардан барча турдаги арматуралар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Корхона ишлаб чиқариш майдонига катта юк кўтарувчи қудратли (40 тонналик) кран ўрнатилди, газ тармоғига уланди. Атрофдаги ишсиз юрган 40-50 нафар киши иш жойига эга бўлди.

Хитойлик тадбиркор Динг Сухуа хоним мазкур лойиҳа учун 2 миллион 452 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.
Қандай яхши, тўғрими? Янги технологиялар асосида иқтисодиётни ривожлантириш, хориж сармоясини киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш... Четдан туриб қараганда шундай туюлади.
Бироқ корхона ишга тушган кундан бошлаб атрофдаги аҳоли жуда оғир аҳволда қолди. Тинчлиги, хотиржамлиги, ҳавоси аянчли тарзда бузилди. Ҳар куни сутка давомида бетўхтов ишлаб атрофга салбий таъсир кўрсатаётган “заводча” турли зарарли омилларга тўла экан!
Қуюқ тутун. Иккиламчи металл қайта ишлаш учун эритилаётганда чиқаётган газ ва тутунлар. ёқимсиз кучли кимёвий ҳидлар аҳоли хонадонлари ичига кириб борди. Ўсимликлар, дарахтларда ҳам салбий ўзгаришлар рўй берган.

Ўша рельсда ҳаракатланувчи краннинг қаттиқ силкиниб ишлаши оқибатида маҳаллада ер ҳам доим силкиниб туради. Бунинг “самараси” - уй-жойлар зарар кўра бошлади.
Шовқин. Иккиламчи металлни қайта иш жараёнидаги кичик портлашлар, шовқин ва чийиллаш.

Корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид сабаб, аҳоли вакиллари, катта-кичик бурнини мато билан беркитиб олишган. Биз ҳам тезда шу йўлни тутдик. Корхонадан чиқаётган тутунга бурун ачишиб, кўз ёшланар, техника воситалари шовқинига эса қулоқ батанг бўларди. Мана шундай шароитда яшаётган одамларга ачиниб кетдик.

“Беш ой давомида маҳаллада истиқомат қилаётган 6 минг аҳоли ўртасида асаб касалликлари, аллергик касалликлар, юқори нафас йўллари касалликлари ва тери касалликлари бирдан кўпайиб кетди. Бу туришда ёш болаларимизнинг ҳоли нима кечади?”, - дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Мавлудахон Мамадалиева.

Экологик ҳолатнинг аянчли оқибатидан бири атрофдаги турли дарахтларнинг қуриб қолаётганлигида. “Токларнинг меваси ўз-ўзидан қорайиб кетди. Бошқа мевали дарахтларда ҳам шу аҳвол. Теракларимиз ҳам аста қуришни бошлади”, - дейди хонадон эгаларидан бири Шуҳрат Юнусов.


Мурожаатлар изидан: Экология қўмитаси ёрдамга келди...
Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли муаммоли ҳолат юзасидан турли жойларга арзнома ёза бошладилар. Ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари томон хатларга ўнлаб фуқаролар имзо қўйиб жўнатишди. Мактублар беэътибор қолмади, лекин фойдаси ҳам бўлмаяпти.
Андижон вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ишга жиддийроқ ёндошибди. Аҳолининг ҳақли талабига бошқарма бошлиғи М. Маматов 2018 йил 28 август куни № 01/16-01-11-16-89 сонли хат орқали жавоб қайтарган.



Унда хорижий сармоя иштирокида “METKO-PROFI” МЧЖ (айнан келтирамиз) Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 491-сонли Қарори талабига зид равишда фаолият юритаётгани аниқлангани айтилади. Шунингдек, экология бошқармаси мурожаатни ўрганиш давомида корхона раҳбарига фаолиятни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.

Қарангки, мазкур корхона иш бошлашдан олдин мамлакатимизда қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга асосан ЭКОЛОГИК ЭКСПЕРТИЗАдан ҳам ўтмаган экан.
Вилоят экология бошқармаси ўз хатида мазкур ҳудудда ДСЭНМ ходимлари билан ҳамкорликда атмосфера ҳавосидан таҳлил учун намуналар олингани ва ушбу ҳужжатлар жамланмаси вилоят прокуратурасига тақдим қилинганини билдиради.
Биз мазкур таҳлил натижалари билан танишиш мақсадида Андижон вилоят ДСЭНМ раҳбари Акрамжон Икромовга мурожаат қилишни режалаштирдик.
Таҳлилларни бериш ДСЭНМга шунчалик қийинми?..
Дарҳақиқат, вилоят ДСЭНМ бошлиғи А. Икромовга қўнғироқ қилганимизда масъул шахс: “Ҳудуд ҳавосидан олинган таҳлил намуналари жуда салбий натижа берди. Ўрганиш давомидаги ҳужжатларни сизга ҳам, албатта, бир соатда жўнатамиз”, деди. Биз унга ишондик. Орадан кўп кунлар ўтди. Лекин ҳужжатлардан дарак бўлмади. Яна қўнғироқ қилдик. Яна ваъда берилгач, ҳужжатлардан дарак бўлмади. Мутасаддига қилинган навбатдаги қўнғироқлар эса жавобсиз қолди.
Тушунамиз, ДСЭНМда иш бисёр. Ташкилот айни пайтда тиббий муассасаларда “тунги рейд”лар ўтказмоқда. Интернет нашримизда Андижон ДСЭНМ фаолияти билан боғлиқ муаммолар тўғрисида “Андижон “Жаҳон бозори”га “СЭС” бориб турадими?” номли мақоламизда тўхталган эдик...
Қисқаси, ДСЭНМ бизга таҳлил натижаларини бергиси келмади. Сабаби, ўзларига аён. Лекин биз барибир мазкур таҳлилларни топдик.
Унда хорижий сармоя иштирокида "METKO-PROFI" МЧЖ чўян ва металл эритиш билан боғлиқ фаолиятни бошлашдан олдин Андижон туман ДСЭНМдан тегишли хулосалар олмагани айтилган. Цехга хомашё сифатида келтирилаётган иккиламчи металл қайта ишлаш учун эритилаётганида таркибидаги техник мой, бўёқ ва бошқа нометалл бирикмалар эритиш печида ёниб-туташи, эритиш печининг очиқ навесда жойлашгани, чиқаётган газ ва тутунни тўсиб турувчи циклон ва баланд мўри мавжуд эмаслиги сабаб зарарли газ ва тутунлар тўғри аҳоли хонадонларига кираётганлиги кузатилган.

Ўрганиш кунида ишлаб чиқариш цехидан оралиқ масофа 10 метрда жойлашган хонадонларда шовқин даражаси 59 Дб эканлиги аниқланган бўлиб меъёрий эса 40 Дб бўлиши ва бу маъқул шовқиндан 19 Дб ортиқча эканлигини кўрсатган. Чанг даражаси 1,4 мг/м³, белгиланган меъёр эса 0,5 мг/м³, бу ҳолат белгиланган меъёрдан 0,9 мг/м³ ошиқлиги, фенол миқдори 1,1 мг/м³ эканлиги, рухсат этилган меъёр эса 0,1 мг/м³ аниқланган экан.
Бундан ташқари, жуда кўплаб таҳлиллар ҳам аҳоли ҳудуди қоқ ўртасига жойлашган корхона атроф-муҳит, энг аввало, инсонлар соғлигига катта зарар етказаётганлигини кўрсатиб турибди.

Ечим ёки хулоса
Мамлакатда иқтисодиётнинг барча тармоқларини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, энг асосийси, аҳоли бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётгани ва бу ишлар салмоқли самара бераётганининг гувоҳимиз.
Бироқ Андижон туманидаги “Нўҳатак”, “Қашқар” ва “Оби-ҳаёт” маҳаллаларидаги ҳолат жуда ачинарли. Фикримизча, ҳар қандай эзгу ниятли лойиҳани бошлашдан олдин, бошдан дўппини олиб бироз ўйлаш лозим. Турли масъул идоралар ишлаб чиқариш учун берилган жойни ўрганиб, ўз хулосасини тегишли таркибда бериши қонунларимизда ҳам кўрсатиб ўтилган.
Корхона аҳоли ва табиатга зарар етказаётганига тегишли идоралар томонидан берилган хулосаларда ҳам кўриниб турибди.
Шуниси аниқки, чет эллик сармоядор туман ҳокимлиги мутасаддилари тавсия қилган жойда фаолият юритиш учун анча маблағ сарфлаган. Агар шу корхона энди бошқа жойга кўчириладиган бўлса беҳуда чиқим бўлади. Кўчирилмаса, атрофда экологик танг ҳолат юзага келиб бўлган.
Барча туманларда ишлаб чиқарувчилар учун аҳоли яшаш жойларидан узоқда бўлган саноат ҳудудлари мавжуд. Жумладан, Андижон туманида ҳам. Энди хорижлик сармоядор билан музокара столига ўтириб, ҳолат юзасидан келишиб олиш ва корхонани аҳоли учун хавфсиз ҳудудга кўчириш ишларини режалаштириш лозим.
Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги аҳолининг ҳақли талабини тез кунларда ижобий ҳал қилади.
Ўз мухбиримиз
Мавзуга оид
08:45 / 23.05.2026
Ер масаласидаги коррупцион тармоқ фош бўлди
08:28 / 12.05.2026
Чегара орқали наркотик ташиш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди
13:35 / 07.05.2026
Андижонда Давактив ва ҲЭТ ходими пора олишда гумонланиб ушланди
16:34 / 04.05.2026