Жамият | 18:24 / 03.09.2018
32446
5 дақиқада ўқилади

Наманганда масжид муаммоси. Сансалорликка қачон чек қўйилади?

«Инсонларнинг дарду ташвишлари билан яшаш инсонийликнинг энг олий мезонидир». Бу жумлага баъзи халқ қабулхоналарига кираверишда кўзингиз тушади. Президент Шавкат Мирзиёев халқни рози қилиш, уларнинг муаммоларига ечим топишни бугунги сиёсатнинг асоси деб билмоқда. Ҳозирги кунда мазкур сиёсат жамиятнинг ҳар бир соҳасида жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий, диний ва бошқа соҳаларда ҳам ижобий томонга ўзгаришлар кузатилмоқда. Шундай бўлсада, баъзи ташкилотлар томонидан муаммони тўлиқ ўрганмаслик, халқ фикрига қизиқмаслик ва қонунни мазмунан англамаслик ҳолатлари учраб турибди.

Яқинда Наманган шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мактуб муаллифларининг кўпчилик қисмини кекса ёшдаги, ҳаётий тажрибага бой фуқаролар ташкил этади. Уни ўрганиш мақсадида водийга, Наманган вилоятига йўл олдик. Мурожаат бир вақтлари жоме масжиди сифатида фойдаланилган ва 1998 йил номаълум сабабларга кўра ёпилган масжид хусусида эди.

Аввалига масжид тўғрисида нафақадаги тарихчи отахон Адҳам Нуриддинов сўзлаб берди. Бир вақтлар Ахсикент шаҳри (ҳозирги Наманган шаҳри атрофлари) XVIII аср бошларида Шайбонийлар сулоласига қарашли ҳудуд бўлган. Шайбонийлардан ҳудудни асли мирлар уруғидан бўлган Мирзо Донобой сотиб олган. У ўз маблағи ҳисобидан мадраса, масжид, тегирмон ва шунга ўхшаш халқ учун зарур бўлган бино-иншоотлар қурдирган. Кейинчалик «дин афюндир (заҳар)» шиори остида мавжуд масжидлар ёпилиши бошланган, қабрлар текисланган. 1938 йилга келиб бу ҳудудга пахта экиш бошланган. Шу йиллар ичида қаровсиз қолган масжид хароба ҳолга келиб қолган. 1942 йилдан масжид фаолиятига рухсат берилади. 

1953 йилгача, Сталин ўлимига қадар, масжид ўз фаолиятини юритган. Кейинчалик Хрушчев ҳукмронлиги даврида масжидлар фаолияти яна чекланган. Вақт ўтиши билан Ўзбекистон мустақилликка эришгач бу тарихий масжид фаолияти қайта тикланган. 1992 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 23-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Ушбу мажмуа жоме масжиди мақомида ўз фаолиятини қонуний асосларда 1998 йилгача юритган. 

Бироқ масжид фаолияти 1998 йилга келиб номаълум сабабларга кўра тақиқлаб қўйилган. Шундай бўлсада, масжид ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.1998 йилдаги 263-сонли қарори асосида тегишли тартибда ёпилмаган. Жумладан, ташкилот раҳбар органи қарори қабул қилинмаган, ҳисоб рақамлари ёпилмаган, матбуотда ташкилот тугатилаётгани ҳақида эълон берилмаган, муҳр ва штамплар йўқ қилинмаган. 

Масжид тахминан 700-800 нафар инсоннинг ибодат қилиши учун мўлжалланган. Ички қисми тадбиркор Қобил Мирзаев ва маҳалла фаоллари томонидан кўнгилли равишда таъмирланган. Таъмирлаш ишларининг тугашига оз қолганда шаҳар ҳокимлиги вакиллари ташриф буюриб, мазкур ҳудудда маданий-маърифий кўнгилочар дам олиш маскани қурилиши ва маҳалла фуқаролар йиғини идораси кўчирилиши ҳақидаги важлар билан барча ҳаракатларни тўхтатиб қўйган. 

Бироқ ҳокимликнинг бундай қарорга келишида ҳудудда яшаётган мингга яқин фуқароларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинмаган, дея фикр билдиради маҳалла фаоллари.

Ҳолат бўйича маълумот олиш мақсадида Наманган шаҳар ҳокимлигига бордик. Ҳокимлик масъул ходимлари билан бўлган суҳбатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсат берса, диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кафолат хати берилиши маълум қилинди. 

Бироқ негадир ҳокимлик вакилларининг изоҳи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 409-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга унчалик мос келмаяпти.

Жумладан, низомда диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик хати илова қилинган ҳолда) кафолат хатини олиш талаб этилади. Бироқ низомда маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кафолат хатини олиш учун эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг рухсатини олиш лозимлиги назарда тутилмаган.

Умид қиламизки рад этилишининг сабаблари мавҳум бўлиб қолаётган ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва Наманган вилоят ҳокимлиги атрофлича ўрганиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан одилона ва оқилона олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлашда янада фаоллик кўрсатадилар.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид