Ўзбекистон | 20:48 / 03.09.2018
11813
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга учувчисиз учиш аппаратини олиб ўтмоқчи бўлган фуқаролар ушланди

Амалдаги тартибларга кўра Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланиш тақиқланган. Мазкур қурилмаларни фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида кўзда тутилган ҳолларда айрим ташкилотлар томонидан олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат берилган.

Яқинда “Қарши” халқаро аэропортига “Москва-Қарши” йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаро Б. Ж. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унинг ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, багаж ва қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда бир дона Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратини яширин равишда олиб ўтаётганлик ҳолати фош бўлди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Худди шундай ҳолат “Урганч” халқаро аэропортида ҳам содир этилди. “Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро Ш.Н. божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтаётиб, 3 дона учувчисиз учиш аппаратини яширинча олиб кираётганда тўхтатиб қолинди.  

Бу “Урганч аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан жорий йилда аниқланган учувчисиз учиш аппаратларини олиб ўтиш билан боғлиқ бешинчи ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳисобланади.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид