Жамият | 14:16 / 04.09.2018
37197
5 дақиқада ўқилади

Дардга тўлган чекка бир қишлоқ. Наманганда халқ давлат ташкилотларидан розими?

Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йилнинг июль ойида Наманган вилоятига ташриф буюрганди. 

Шу куни мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш вазифалари раҳбарларга юклатилди. 

Яқинда кун.уз нашриётимизга Наманган вилояти Наманган туманида яшовчи бир неча фуқаролардан арзирли мурожаатлар келиб тушди. Бориб ўргандик. Улар билан суҳбатлашиб, муаммо нимада эканига аниқлик киритишга ҳаракат қилдик. 

Муаммога тўхталадиган бўлсак, Наманган туманида 400 йиллик тарихга эга бўлган «Қўрғонча» қишлоғи бўлган. Шу қишлоқ номи қишлоқ аҳолиси розилиги сўралмасдан бошқа номга ўзгартирилган. Эндиликда «Қурама» деб атала бошланган. «Қурама» аслида қўшни қишлоқ бўлган. Ҳудуди жиҳатидан ҳам «Қўрғонча» қишлоғидан кичик бўлган. Лекин шунга қарамай қишлоқ номи ва ҳудуди бошқа қишлоққа қўшиб юборилган. Қишлоқ аҳолиси жуда норози. Қайси ташкилотга борса, ҳужжатларда чалкашлик кучайиб кетган. Барча мавжуд ҳужжатлар ўзгартирилишига тўғри келмоқда. Муаммога ечим сўраб қишлоқ аҳолиси бир неча бор туман, вилоят ҳокимлиги, прокуратура органи ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилган. Шундай бўлса ҳам, мурожаатлар жавобсиз қолдирилган. Қишлоқ аҳолиси шунчаки қишлоқ номи эскисига қайтишини истайди. 

Ундан кейинги муаммо қишлоқ 15 йилдан бери газсиз яшаб келмоқда. Қишдан чиқиб олиш улар учун бахт. Қиш яқинлашдими ўтин ғамлаш бошланади. Пули борлар кўмир, ўтин сотиб олади. Ёки бўлмаса суюлтирилган газ ёқади. Пули рўзғордан ортмайдиган аҳоли эса ҳайвонларнинг тезакларини сувга уютиб, лойлаб, қуритади. Қишда эса печкага солиб ёқади. Уйини иситиш учун, жон сақлаш учун. «Сассиқку, лекин жидаймиз. Бошқа иложи йўқ. Бола-чақамиз бор», - дейди қишлоқ фаолларидан бири. 

Қишлоқда яна бир катта муаммо мавжуд. Ахлат муаммоси. Алоҳида ахлат ташлайдиган жой мавжуд эмас. Аҳоли ахлатни сув атрофига олиб чиқиб ташлайди. Халқ ҳашарини ўтказиш учун ҳали маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд эмас. Унга алоҳида бино ҳам йўқ. Қишлоқ ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ахлатлар нафақат қишлоқ атрофида, балки катта йўл бўйларида ҳам учраб туради. Умумий хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қишлоқда ободонлаштириш, аҳолини рози қилиш ишлари амалга оширилмай келмоқда. Инсонлар давлат ташкилотларининг  эътиборсизлиги, лоқайдлигидан жуда норози.

Халқ дардларини эшитгандан сўнг, изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимиятига бордик. У ерда туман ҳокими ёрдамчисига боғландик. Туман ҳокими Шухрат Давранов «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилишни назорат қилиш билан  банд эканлигини, бинога яқин мусиқа мактабида унинг айнан шу масалалар бўйича ўринбосарлари аҳоли билан йиғилиш ўтказаётганини айтишди. Ҳоким ўринбосарлари билан гаплашиб мавжуд барча муаммоларни айтдик. Қишлоқнинг номи масаласида шу йилнинг сентябр ойида унинг номи қайта ташкил этилиб қайтарилишини айтишди. Қолган масалалар ҳақида туман ҳокимига албатта хабар беришини айтиб ўтди.

Барча ислоҳотлар марказида инсон омили ётади. Инсонларнинг яхши яшаши давлатнинг асосий мақсадига айланади. Халқни максимал даражада рози қилишни давлат ўзининг функцияларидан бири деб ҳисоблайди. Биз шу йўлни танлаган эканмиз ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмаслиги керак. Йўлга чиқдикми, демак охиригача ҳаракат қилишимиз керак. Умид қиламизки, жойлардаги туман ҳокимликлари ҳам буни тўлиқ англаган ҳолда, фуқароларга оптимал даражада ёрдам беришга ҳаракат қилади. Шу ўринда Наманган туман ҳокимлиги ҳам «Қўрғонча» қишлоғи муаммоларини ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилади. Мутасадди ташкилот ходимлари амалий ёрдамини қизғонмайди. Уларни рози қилади. Барча муаммолар бартараф этилади. Ахир, асосий мақсад аҳоли ҳаётини ҳамма томонлама яхшилашга қаратилган эмасми!?

Мавзуга оид