Ўзбекистон | 18:15 / 05.09.2018
10288
2 дақиқада ўқилади

Мақом Ўзбекистон бренди сифатида дунёга танилмоқда

Мақом Ўзбекистон бренди сифатида дунёга танилмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги шу ҳақида хабар берди

Шаҳрисабз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 6-10 сентябрь кунлари I Халқаро мақом форуми ўтказилмоқда. Шу мақсадда соҳибқирон Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилган Оқсарой майдони ҳудудида ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий урф-одат ва анъналари, тарихий обидаларини акс эттирувчи намуналар ўрнатилган. Бу ерда турли саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқлар, яллаю лапарлар ижро этилмоқда.

Халқаро мақом санъати анжуманида 75 давлатдан 300 дан ортиқ санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирган. Маҳаллий электрон ва босма ОАВ вакилларидан ташқари кўплаб чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур анжуманни ёритиш учун рўйхатдан ўтган.

Айни пайтда I Халқаро мақом форуми ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун махсус ташкил этилган Матбуот маркази маҳаллий ва халқаро журналистлар билан гавжум. У ерда “Россия 1” телеканали, Туркиянинг ТРТ телекомпанияси ижодкорлари ҳамда 20 дан ортиқ маҳаллий ОАВ вакиллари иш олиб бормоқда.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

"Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилган, – дейди “Россия 24” телеканали журналисти Роберт Францев. – Оқсарой ҳудудида мамлакат вилоят ва шаҳарларининг диққатга сазовар жойлари, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналари намуналари ташкил этилгани тадбирга ўзига хос мазмун бағишламоқда. Бу менда катта таассурот қолдирди. Мақом санъати Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида дунёга танилиши, шубҳасиз".

Таъкидлаш жоизки, журналистларга маълумот олишда қулайлик яратиш мақсадида Анжуманнинг расмий www.maqomforum.uz сайти ишга туширилган. Ушбу сайтдан тадбир ҳақида нафақат энг сўнгги янгилик ва маълумотларни, балки фото ва видеоматериалларни ҳам олиш мумкин.

Мавзуга оид