Жамият | 12:04 / 06.09.2018
349023
5 дақиқада ўқилади

«Грижа»ни жарроҳлик амалиётисиз ҳам даволаш мумкинми?

KUN.UZ таҳририяти ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси олиб борилмоқда. Унда инсон саломатлиги билан боғлиқ турли мавзуларда олий тоифали шифокорлар билан суҳбат, уларнинг тавсиялари бериб борилмоқда. Бугунги мавзу халқ тилида «грижа» деб аталадиган умуртқа поғонаси чуррасининг вужудга келиши, унинг олдини олиш ва даволаш ҳақида. Суҳбатдошимиз тиббиёт фанлари доктори, вертебролог Алишер Сатторов.

Шифокорларнинг оғир кўтармаслик, организмни ҳаддан зиёд зўриқтирмаслик ёки кескин ва қалтис жисмоний ҳаракатлар қилмаслик каби маслаҳатларига ҳамма ҳам амал қилавермайди. Соғлиғимизга беэътиборлигимиз оқибатида эса жиддий муаммоларга дуч келишимиз эҳтимоли ошади. Умуртқа поғонаси чуррасининг вужудга келиши ҳам ана шундай муаммолардан бири.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Диск чурраси хасталиги

Диск чурралари ёки диск сиқилишлари - суяк мушак тизимидаги дегенератив-дистрофик касаллик бўлиб, фиброз халқанинг ёрилиши туфайли умуртқалараро диск пулпоз ядросининг атрофга силжишига айтилади. Ҳар 1000 та мурожаатдан 14 тасида учрайди.

Диск чурраси касаллик бўлиб, кўпинча остеохандрознинг асорати бўлиб келади. Бу касаллик ёшга хос ҳисобланар эди, лекин борган сари диск чурраси ёшармоқда, яъни 20 ёшда ҳам учрайди. Тўғри даволанмаса ногиронликка олиб келиши мумкин. Диск чуррасининг аломатлари эса қуйидагилар:

- белда оғриқнинг пайдо бўлиши;

- ҳаракатда ва йўталганда оғриқнинг кучайиши;

- уйишиш ва мушакларда кучсизлик;

- қўл ёки оёқнинг ориқлашиши ва ҳ.з.

Диск чуррасини жарроҳлик амалиётисиз даволаш мумкинми?

Диск чурраси 2 хил усулда даволанади: биринчиси консерватив-физиотерапевтик усуллари, иккинчиси жарроҳлик амалиёти билан. 1-усул даволаш комплекси сифатида олиб борилиб, оғриқни бартараф этишдан, тўқималардаги шишни қайтаришдан ва умуртқани меъёрий ҳаракатчанлигини тиклашдан иборатдир. Муолажа 3 ойдан 6 ойгача давом этиши мумкин. «Диск чурраси» ташхиси қўйилди дегани бу жарроҳлик амалиёти билан даволаш дегани эмас.

Диск чуррасининг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади ва у кимларда кўпроқ учрайди?

Нотўғри ҳаракат - бу умуртқа поғонаси бўйлаб юкни нотўғри тақсимланиши. Бунда фиброз халқада дистрофик ўзгаришларга олиб келади.

Мушак корсетини кучсизланиб бориши - бу эса кам ҳаракатлилик, етарлича жисмоний ҳаракат қилмаслик оқибатида юзага келади.

Остеохондроз - умуртқа поғонасида моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида дистрофик ўзгаришлар юзага келади. Остеохондроз даволанмаганда фиброз халқанинг ёрилиши оқибатида диск чуррасига олиб келади.

Юқумли касалликлар - бу касалликлар метоболизмни, яъни организмда моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида умуртқада дистрофик ўзгаришлар юзага келади.

Шикастланишлар - бунда соғлом умуртқа поғонасига қўпол механик таъсир туфайли умуртқада диск чурраси ривожланишига сабаб бўлади.

Наслдан наслга ўтиши - ўз ўзидан маълумки диск чурраси наслий касаллик эмас. Умуртқа пағонасини спетсифик тузлиши наслдан-наслга ўтади. Бошқа касалликлар туфайли диск чуррасига олиб келиши мумкин.

Ёшга алоқадорлиги - ёшнинг катталашиши бу касалликнинг ривожланишига сабаб бўлмаслиги мумкин, яъни ёш катталашган сари пулпоз ядро қаттиқлашиши туфайли дискнинг бўртиб чиқиши камаяди. Бу ҳолат 50 ёшдан катталарда кузатилади.

Ортиқча вазн - бунда меъёридан ортиқча оғирлик умуртқа поғонасига тушиши оқибатида мутаносиблик бузилади ва диск чуррасига сабаб бўлади. Оғирлик энг кўп тушадиган соҳада диск чурраси пайдо бўлади.

Диск чурраси секин ривожланадиган касаллик бўлиб, ойлар, йиллар давомида ривожланади. Бирдан ҳаракат ёки эгилиш, йиқилиш ёки лат ейиш фиброз халқанинг ёрилишига олиб келади. Пулпоз ядро чиқиб диск чурраси касаллиги белгиси намоён бўлади. 20 ёшда умуртқа поғонаси ривожланишдан тўхтайди. Шу ёшдан диск чуррасининг илк белгилари бошланиб, бир неча йиллар давомида ривожланиб боради. Демак, 20 ёшдан бошлаб умуртқа поғонасини соғломлаштирувчи чора-тадбирлар бошланиши керак.

Тиббиёт фанлари доктори, вертебролог Алишер Сатторовнинг манзили: Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани Кичик халқа, Дархантепа кўчаси 5 уй

Мавзуга оид