Жамият | 12:58 / 07.09.2018
8011
2 дақиқада ўқилади

“Afrosiyob”да ОАВ ходимлари учун ташкил этилган медиатур Шаҳрисабзга етиб келди

2018 йил 7 сентябрдан бошлаб Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент йўналишида замонавий “Afrosiyob” электропоездининг мунтазам қатнови йўлга қўйилди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ушбу замонавий поездда медиатур ташкил қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, умумий узунлиги 124 км.дан иборат бўлган ушбу лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассислари томонидан қисқа муддатда сифатли қилиб амалга оширилди. 

Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган масофада 3 та вокзал қурилиб, бир нечта станция тубдан таъмирланди. Шунингдек, ушбу йўналишда янги кўприклар, бир қанча сунъий иншоотлар бунёд этилди. 

Бундай бунёдкорлик ишларига 100га яқин замонавий техника ва 300 нафарга яқин мутахассис жалб қилинди. Лойиҳа доирасида режалаштирилган 94 километр масофада электрлаштириш билан боғлиқ барча ишлар ўз вақтида тўлиқ амалга оширилди. Бундан ташқари, ўтган вақт мобайнида ҳудудда 1та нимтортиш станцияси ҳам қурилиб, ишга туширилди. 

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, энг аввало,  йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш сифатини оширади. Табиийки, бу ушбу ҳудудга келадиган сайёҳлар сонининг ортишига ҳам хизмат қилади. Мазкур электрлаштириш лойиҳаси натижасида йилига 10 минг тоннадан зиёд дизел ёнилғиси иқтисод қилинади.

Мавзуга оид