Жаҳон | 22:38 / 07.09.2018
7581
2 дақиқада ўқилади

АҚШ армияси ҳайдовчисиз юк машиналар конвойини синовдан ўтказади

Фото: Олег Сабитов

АҚШ армияси ҳайдовчисиз юк машиналарни жанговар ҳаракатлар ҳудудига озиқ-овқат ва ўқ-дори етказиб берувчи конвойларда синовдан ўтказмоқчи. Автоном машиналар инсонлар орасида йўқотишларни камайтириш ва таъминот сифатини оширишга имкон беради. 

Автоном юк машина Expedient Leader-Follower’ни (ёки ExLF) яратиш билан Robotic Research стартапи шуғулланмоқда. Компания бу мақсадда 50 млн доллар миқдорида 3 йиллик грант олган.

Таъкидланишича, стартап ҳарбий техникага гуруҳдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга имкон берувчи автопилот тизиминигина ишлаб чиқмоқда. Бу тизим Oshkosh моделидаги юк машиналарига ўрнатилиши кўзда тутилган. Ҳозирда тизим 10 та машинага ўрнатилган, бироқ уларнинг синови 2019 йилдан олдин ўтмайди.

Ҳарбийлар томонидан ҳайдовчисиз транспортнинг қўлланиши кўплаб ахлоқий муаммолар пайдо бўлишига олиб келади, деб ҳисобламоқда “Янги Америка” жамғармаси илмий ходими Питер Сингер.

“Тасаввур қилинг, кичик бола озиқ-овқат ва ўқ-дорини жанговар ҳаракатлар ҳудудига иложи борича тезроқ етказишга дастурланган ҳайдовчисиз машиналар конвойи олдидан югуриб чиқиб қолди. Бундай вазият маҳаллий аҳоли ўртасида норозиликларга ёки исёнчи отрядлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бошқа томондан эса тажрибали душман конвой йўлида уни тўхтатиш ва йўқ қилиш учун атайлаб тўсиқлар қўйиши мумкин. Ҳарбий техника хусусида йўловчиларга мўлжалланган ҳайдовчисиз автомобиллар технологиялари тўғри келиши даргумон”, деб айтган Сингер.

Бундан аввалроқ ҳайдовчисиз машиналар конвойи синови Японияда ўтказилган. Дастлабки босқичда юк машинаси кабинасида кўзда тутилмаган вазиятларда чора кўра оладиган ҳайдовчи ўтиради. Автомобилсозлик компаниялари 2020 йилгача технологияни мукаммал ҳолатга келтириб, мамлакат йўлларига тўлиқ автоном машиналарни чиқаришга ваъда берган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид