15:53 / 08.09.2018
6951

Жиззах вилояти ҳокимлигида кореялик қурувчилар билан меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги ташаббуси билан Корея Республикасининг ер, инфраструктура ва транспорт вазирлиги ҳамда Давлат архитектура-қурилиш компаниялари вакилларидан иборат делегацияси Жиззах вилоятига келди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоятнинг амалдаги инфраструктураси билан танишган ва бир қанча қурилиш объектларини кўздан кечирган меҳмонлар шаҳарсозлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини келишиб олиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев билан учрашдилар. 

Дастлаб уларга вилоятнинг инвестицион ва туристик салоҳияти борасида батафсил маълумот берилди. Учрашув давомида шаҳарсозлик йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.  

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

- Биз Жиззах шаҳрида кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик. Ўйлайманки, соҳада замонавий юқори технологияларни қўллаш орқали бундан ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин. Бизнинг давлатимиз ҳам шаҳарсозлик соҳасида худди шундай ривожланиш босқичларини босиб ўтган. Шу боис, ҳамкорлигимиз доирасида тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро консультациялар, ахборот алмашинуви ва лойиҳалаштириш, қурилиш, реконструкция ва шаҳарсозликнинг бошқа йўналишларида ҳам ҳужжатларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорлигимиз кўзда тутилмоқда, - дейди Корея Республикасининг ер, инфраструктура ва транспорт вазирлиги халқаро қурилиш лойиҳалари бўлими бошлиғи Ким Сон Хо.

Учрашув якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги, Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг ер, инфраструктура ва транспорт вазирлиги ўртасида ўзаро келишув меморандуми имзоланди.

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳужжат шаҳарсозлик соҳаси ва ҳудудий лойиҳалаштиришдаги ҳамкорлик, Жиззах шаҳри бош режаси концепциясини ва ҳудудлар ҳамда аҳоли пунктлари лойиҳавий режаларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Шунингдек, ҳужжатга асосан ҳамкорликда семинарлар, конференциялар ўзаро ташрифлар ва бошқа тадбирлар орқали мутахассислар ва экспертлар ўртасида соҳада замонавий технологияларни ва лойиҳалаштириш ускуналарини қўллаш бўйича тажриба ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳам режалаштириляпти. 

Top