16:10 / 09.09.2018
34748

Шартнома режаларини доимо бажариб келган фермер ери тортиб олинди

Шу йилнинг июль ойи ўрталарида Навоий ва Бухоро вилоятларига уюштирган хизмат сафаримиз чоғида Қоракўл туманида бўлиб, “Дўрмон омад нури” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятида юзага келган муаммо билан қизиқдик. 

Гап шундаки, узоқ йиллар мобайнида намунали фермер устидан бир гуруҳ фуқароларнинг шикоят қилгани важи билан, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида фаолият олиб борган “Дўрмон омад нури” кўп тармоқли фермер хўжалигининг ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилган.

Биз мазкур фермер хўжалигига қарашли дала майдонлари ва 70дан ортиқ қорамоли бўлган фермада ҳам бўлдик. Хўжалик раҳбари Олтин Соттиеванинг айтишича, гарчи фермер хўжалиги шу вақтгача барча шартномавий мажбуриятларни ортиғи билан бажариб келганига қарамай, номаълум сабабларга кўра, “Дўрмон Омад нури” ва “Учқун Дўрмон замини” фермер хўжаликлари тумандаги қолоқ фермерлар қаторига киритиб қўйилган. Ҳудуд аҳолиси томонидан фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан норозилик мазмундаги шикоятлар кўпайиб кетганлиги важи билан, Халқ депутатлари Қоракўл туман кенгаши 2018 йил 30 май кунидаги қарорига асосан туман ҳокимлиги ва фермер ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинган. Шу билан бирга, Соттиеванинг айтишича, ижарага берилган ер майдонлари олиб қўйилганидан сўнг, Ғойиров бир вақтлар “Савдогарбанк”нинг тумандаги шохобчасида бирга ҳамкасб бўлган фуқаронинг ўғлига берилгани унда (Соттиевада) шубҳа уйғотмоқда. 

Бироқ, туман статистика бўлимидан 2018 йил 19 февралда олинган №01/1-29-99/4-67 сонли маълумотномада бунинг аксини кўриш мумкин. Унга кўра “Дўрмон омад нури” фермер хўжалигининг 2012-2017 йилларда пахта ва дон етиштириш бўйича шартномавий мажбуриятларининг бажарилишига оид кўрсаткичлар Халқ депутатлари туман кенгашининг қарорини қабул қилиш учун асос бўлган маълумотларнинг батамом аксини кўрсатмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: нима учун туман ҳокимлиги бир йил эмас, бир неча йил мобайнида фаол бўлган ва режаларни ўз вақтида ортиғи билан бажарган фермердан ерларни қонун ҳужжатларига зид равишда тортиб олди?

Қонун ҳужжатларига зид дейишга эса, бир эмас, бир нечта асосларни келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг бир нечта қонун ҳужжатларида, жумладан Ер кодексининг 24-моддаси, “Ижара тўғрисида”ги ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларнинг 13-моддасига кўра, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш:

- тарафларнинг келишуви билан, ёки

- суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Қолаверса, бу ҳақида ҳокимлик ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган ер ижара шартномасининг 16-бандида ҳам назарда тутилган эди. Лекин, “Дўрмон Омад нури” фермер хўжалиги билан боғлиқ ҳолатда туман ҳокимлиги келишувга эришишга кўзи етмаган шекилли, судга ҳам мурожаат қилишни ўзига эп билмай, бунданда “осонроқ” йўлни танлаб қўя қолган. Халқ депутатлари туман кенгашининг қарори асос қилиниб, узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинган.

Ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида туман ҳокими Ҳ.Ғойиров билан суҳбатлашдик. Туман ҳокимининг изоҳига кўра, “Дўрмон Омад нури” фермер хўжалиги раҳбари О.Соттиева маҳалласидаги фуқаролар билан ҳаддан ортиқ келиша олмай қолгани, фуқароларнинг кўпчилиги унинг фаолиятидан норози экани, маҳалладошларига сув бермай келаётгани, шунингдек туман кенгаши мажлисида Соттиева халқдан узр сўрамагани учун унга қарашли фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Ижара шартномаси бекор қилиниши оқибатида, бир неча ўн гектар майдондаги ғўза саратоннинг айни ўртаси, 12 июлга қадар ҳали бирор марта суғорилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Туман ҳокими бу ҳолатга “туман 10 минг гектарга чигит қадайди, шунга кўра, О.Соттиевадан олиб қўйилган пахта далаларига биринчи сув ҳам қўйилмагани жиддий муаммо эмас, навбати келганда қўйилади” - дея жавоб берганини қандай баҳолашни ёки тушунишни билмадик.

Шу билан бирга, О.Соттиеванинг туман кенгаши қарорида айтилганидек, қолоқ фермерлар сафига кириб қолганини қиёсан ўрганиш мақсадида туман статистика бўлимидан бошқа фермерларнинг режалари қай даражада бажарилганига доир маълумотларни тақдим этишни сўрадик. Бироқ, мурожаатимизга жавобан туман ҳокимининг “сиз ревизияга келдингизми, ревизияга келибсиз-да, биз сиз билан келиша олмадик, сиз масалага холис ёндашмаяпсиз”, деган айбловларини эшитдик. Ваҳоланки, масала моҳиятини англаш, мурожаатни холис таҳлил қилиш учун биз сўраган маълумотлар муҳим эди.

Судда адолат қарор топди. Аммо...йиқилган курашга тўймайди-ми?!

Туман ҳокимининг “Дўрмон омад нури” фермер хўжалиги билан тузилган ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида 2018 йил 7 июндаги 945-сонли қарори Қоракўл туман маъмурий суди судьяси А.Ҳамидов томонидан ғайриқонуний деб топилди. Аммо, лекин, бироқ... О.Соттиеванинг маълум қилишича, туман ҳокимлиги йиқилган курашга тўймайди, қабилида иш тутмоқда. Ҳозирда ҳокимлик суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят киритган.

Шу ўринда айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашсак. Июль-август ойлари ҳукумат даражасида ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор икки ойлиги сифатида эълон қилинди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ғалла ўрим-йиғими тугаганидан сўнг ўтказган видеоселектор йиғилишида шу ҳақда сўз юритди. Июль ойи охирида эса, бу масала яна ҳукумат даражасида кун тартибига чиқарилди. Бироқ, Қоракўлдаги “Дўрмон омад нури” фермер хўжалиги сиёсатнинг бу шуъласидан бебаҳра қолди. Хўш, бунда ким айбдор...?   

P.S.: Айни вақтда Бухоро вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида суд маҳкамаси давом этмоқда. Умид қиламизки, адолат яна бир марта қарор топади.

Kun.Uz таҳририяти бу мавзуга яна қайтади.

Толиб Раҳматов               Kun.Uz мухбири

Муҳаммаджон Ғаниев    Kun.Uz оператор

 

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top