Ўзбекистон | 15:59 / 10.09.2018
51902
3 дақиқада ўқилади

Бирданига 15 туманда адлия бўлими бошлиқлари ишдан олинди

2018 йилнинг 8 сентябрь куни Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари фаолиятига бағишланган мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Унда Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг шу кунгача бўлган фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокама этилди.

Бўлиб ўтган мажлисда Адлия бўлимлари ташкил этилган вақтдан бошлаб шу кунга қадар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда улар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик масаласи ҳам муҳокама этилди.

Йиғилишда Сурхондарё вилоятининг Денов, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Андижон вилоятининг Марҳамат, Тошкент шаҳрининг Бектемир туман адлия бўлимлари қисқа вақт ичида ижобий натижаларга эришгани қайд этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда адлия бўлимлари томонидан фаолиятида қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинганлиги жиддий танқид остига олинди.

Белгиланган вазифа ва топшириқларни ҳар бир ходим, вазирдан тортиб тизимдаги оддий ходимгача масъулиятни чуқур ҳис қилиши лозимлиги, бунда ҳеч ким, на раҳбар ёки оддий ходим четдан туриб кузатиб туришга ҳаққи йўқлиги, бунга йўл қўйилмаслиги, юклатилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариши шартлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда фаолиятида камчиликларга йўл қўйган, ишига масъулиятсизлик билан ёндашган 28 нафар адлия бўлимларининг ходимлари (шундан 15 нафари туман адлия бўлимлари бошлиқлари) лавозимидан озод этилди.

Адлия бошқармалари томонидан юклатилган вазифалар ижросини таъминлашга ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларининг иш фаолиятларини тўғри ташкил этишга, фаолиятини мувофиқлаштириб уларга услубий раҳбарлик қилишга масъулиятсизлик билан қаралаётганлиги, баъзи ҳудудларда адлия бўлимларининг фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, кўрсатиб ўтилди. Фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий адлия бошқармаларининг 25 нафар ходимларига ҳайфсан эълон қилинди. 29 нафар ходим огоҳлантирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид