01:28 / 10.09.2018
12446

"MAQOM ART меҳмонлари сони уч бараварга кўпайди" - Азиз Абдуҳакимов

Бугун Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмидаги майдонга кечаги кунга нисбатан уч баравар кўп меҳмон келди. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"8 сентябрь куни 70 мингга яқин одам ташриф буюрган бўлса, 9 сентябрда келганлар сони 200 мингдан ошди. Меҳмонлар нафақат Қашқадарёнинг турли туманларидан, балки узоқ вилоятлар ва ҳатто Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам ташриф буюришган. Бугун якшанба ва об-ҳавонинг очиқлиги ҳам байрамга келувчилар сонининг ошишига сабаб бўлган, эҳтимол. Айниқса, кечга бориб Шаҳрисабзнинг бош майдонида сайр қилувчилар сони жуда кўпайди", - дейди Бош вазир ўринбосари. 

Шунингдек, 9 сентябрь куни Шаҳрисабзда ҳар бир вилоят вакиллари ўзларининг пазандачилик санъати бўйича маҳоратларини намойиш этишди. Ўзбек миллий таомлари фестивали ўтказилди, маҳорат дарслари ташкил этилди. Ташриф буюрган меҳмонлар ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий таомларини истеъмол қилиб, баҳо беришди. 

Шаҳрисабздаги маҳаллий аҳоли вакиллари бош майдоннинг бу даражада тўлиб кетишини хаёлларига ҳам келтирмаганларини таъкидлашмоқда. Зеро, сайлгоҳда "ҳатто оёқ босишга ҳам жой қолмаган". Ранг-баранг концерт дастурлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, шунингдек хавфсизлик хизматлари одамларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Шаҳрисабзнинг тарихий қисми жойлашган майдон 87 гектар бўлса, шундан 51 гектарида фестиваль ҳудуди ташкил этилган ва бугун у меҳмонларга тўла.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, I Халқаро Мақом форумида 70 дан ортиқ мамлакатдан 302 киши ҳамда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти вакиллари иштирок этишган. Австрия, Буюк Британия, Германия, Франция, Швейцария, Швеция, Испания, Италия, Греция, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Яман, ХХР, Кувайт, Люксембург, Мексика, Мьянма, Саудия Арабистони, Россия, АҚШ, Сурия, Жанубий Корея, Озарбойжон, Қозоғистон ва қатор бошқа мамлакатлардан келган иштирокчилар ўз санъатлари билан йиғилганларни баҳраманд этишди. Шулардан 31 нафари VIP-меҳмонлар бўлиб, улар орасида беш мамлакат - Озарбойжон, Тунис, Зимбабве, ХХР ва Кувайтнинг ЮНЕСКОдаги элчилари ҳам бор.

Мақом фестивалини ёритиш учун 25 мамлакатдан 42 журналистлар гуруҳи рўйхатдан ўтган. 

Халқаро мақом форумига 6 сентябрда старт берилган бўлса, байрам тантаналари 10 сентябрга қадар давом этади.                                 

Top