Ўзбекистон | 17:55 / 10.09.2018
35600
5 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов Навоийда ИИВ тизимидаги қатор раҳбарларни ишдан олди

6 сентябрь куни Навоий вилояти ИИБда Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Вилоятда жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида жиноятчиликнинг кескин камайганлигига қарамасдан, айрим ҳудудларда криминоген вазият бироз оғирлашганлиги йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди. Хусусан, вилоятдаги 215 та ёки 70 фоиз маҳаллада жиноятлар содир этилишига йўл қўйилиб, деярли ҳар бешинчи маҳаллада жиноят содир этилишининг ошганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида содир этилган жиноятлар ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда республикада учинчи ўринни эгаллаётганлиги баён қилиниб, бир қатор туманларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар салбий баҳоланди.

Шунингдек, сўнгги икки ой давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони йил бошида қайд этилган жиноятларнинг 29 фоизини ташкил этиб, айниқса Нурота ва Хатирчи туманларида кейинги икки ой даврида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинган ишлар самарасиз бўлганлиги йиғилишда қайд этилди.

Ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг асосий сабаби жиноятни содир этишга мойил бўлган шахслар билан мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмаганлиги қайд этилиб, бу борада Хатирчи туманида илгари судланган шахслар билан, Қизилтепа туманида эса доимий ишга муҳтож фуқаролар билан белгиланган тартибдаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Вилоят ички ишлар органларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмасдан келинаётганлиги сабабли жорий йилнинг саккиз ойи давомида вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 33,6 фоизга ошиб кетганлиги, оқибатда 41 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги ва яна 136 нафари турли даражада тан жароҳати олганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, йўл-патруль хизмати ходимлари фаолияти устидан шикоятлар келиб тушаётганлиги танқид қилиниб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида вазиятни кескин яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки ёки расмиятчилик билан ёндашиш ҳолатларига чек қўйилмаганлиги сабабли вилоят ички ишлар органлари фаолиятига оид келиб тушган 6 минг 552 та мурожаатларнинг 2 003 таси ёки ҳар учинчиси аҳолига паспорт хизматларини кўрсатиш масалаларига доир эканлиги, уларни кўриб чиқишда эса қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларнинг хизмат интизомини яхшилаш борасидаги камчиликларга барҳам берилмаганлиги сабабли боис вилоят бўйича жами 226 нафар ходимлар интизомий, 6 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли даражада англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳанузгача эскича иш услуби билан ишлаётган Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Ашуров, Нурота туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Файзуллаев, Конимех тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Исламов, Навоий шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Холикулов, вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Адизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган бир қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пўлат Бобожонов Бухорода ИИВ тизимидаги 5 нафар раҳбарни ишдан олганди.

Мавзуга оид