6 сентябрь куни Навоий вилояти ИИБда Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Вилоятда жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида жиноятчиликнинг кескин камайганлигига қарамасдан, айрим ҳудудларда криминоген вазият бироз оғирлашганлиги йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди. Хусусан, вилоятдаги 215 та ёки 70 фоиз маҳаллада жиноятлар содир этилишига йўл қўйилиб, деярли ҳар бешинчи маҳаллада жиноят содир этилишининг ошганлиги қаттиқ танқид қилинди.
Жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида содир этилган жиноятлар ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда республикада учинчи ўринни эгаллаётганлиги баён қилиниб, бир қатор туманларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар салбий баҳоланди.
Шунингдек, сўнгги икки ой давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони йил бошида қайд этилган жиноятларнинг 29 фоизини ташкил этиб, айниқса Нурота ва Хатирчи туманларида кейинги икки ой даврида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинган ишлар самарасиз бўлганлиги йиғилишда қайд этилди.
Ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг асосий сабаби жиноятни содир этишга мойил бўлган шахслар билан мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмаганлиги қайд этилиб, бу борада Хатирчи туманида илгари судланган шахслар билан, Қизилтепа туманида эса доимий ишга муҳтож фуқаролар билан белгиланган тартибдаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Вилоят ички ишлар органларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмасдан келинаётганлиги сабабли жорий йилнинг саккиз ойи давомида вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 33,6 фоизга ошиб кетганлиги, оқибатда 41 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги ва яна 136 нафари турли даражада тан жароҳати олганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, йўл-патруль хизмати ходимлари фаолияти устидан шикоятлар келиб тушаётганлиги танқид қилиниб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида вазиятни кескин яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.















