Жаҳон | 23:16 / 11.09.2018
16674
3 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ йиғилишида Тожикистон ҳукумати ва мухолифати аъзолари жанжаллашиб кетди

Фото: CC BY-SA 4.0 / OSCE/Piotr Dziubak /

Варшавада Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) инсон ҳуқуқлари бўйича йиғилишида Тожикистон делегацияси аъзолари ва тожик мухолифати тарафдорлари ўртасида жанжал чиқди. 

Йиғилиш ўтаётган меҳмонхонадан чиқиш жойида тожик мухолифати вакили Сулаймони Орзу ва Тожикистон расмий делегацияси вакили ўртасида можаро чиққан. Гувоҳларнинг айтишича, Орзу расмий делегация вакили, Тожикистон ислом уйғониши партиясининг собиқ аъзоси Аёмиддин Сатторовга “Сиёсий маҳбусларга озодлик” хэштеги ёзилган қоғозни бериб, уни суратга олмоқчи бўлганда расмий делегация вакили томонидан юзига мушт туширилган. 

Таъкидланишича, бундан ранжиган Орзу унга мушт туширган ва яна бир неча бошқа киши, жумладан собиқ мухолифатчи Саттаров ўтирган машина олдига борган. Улар ўртасида бир неча дақиқа баҳс кетган. Сўнгра машина жойидан кескин қўзғалган ва мухолифат делегациясининг яна бир аъзоси Шуҳрати Раҳматуллонинг оёғини уриб ўтган.

Бу орада Тожикистон ҳукумати делегацияси мухолифатчилар томонидан иғволар уюштирилаётганини маълум қилмоқда. Тожикистон исломшунослик маркази раиси ўринбосари Рустам Азизининг айтишича, жанжал ҳукумат аъзолари тушликдан қайтаётганда юз берган. “Ёнимизга мухолифат тарафдорлари келиб, ўз шиорларини кўрсата бошлашган. Улар аниқ жанжал чиқармоқчи бўлишган. Мухолифат тарафдорлари бир неча марта элчи машинасига тепишган. Полиция вакиллари келиб, кузатув камераларидаги ёзувларни ўрганиб чиқишган. Улар мухолифат аъзоларини сўроқ қилишган. Кечки йиғилишда ЕХҲТ вакили бу воқеа учун ҳукумат делегациясидан узр сўради”, деб маълум қилган Азизи.

ЕХҲТнинг йиғилиши 10 сентябрда бошланди. Йиғилишнинг илк куни Тожикистон ҳукумати делегацияси раҳбари Низомиддин Зоҳиди Тожикистон ислом уйғониши партиясининг Тожикистон ҳудудидаги терактларда иштирок этгани далиллар билан исботланганини айтган. Унинг айтишича, Душанбе ЕХҲТнинг дастури ва мақсадларини маъқуллайди, бироқ террорчиликка қарши курашда террорчиларни “ўзиники” ва “ўзгалар”га ажратишга қарши чиқади.

Мавзуга оид