Жаҳон | 09:43 / 02.01.2026
2563
3 дақиқада ўқилади

Варшава аэропортида Украина фуқароси радиосигнал тўсувчи қурилма билан ушланди

Украина фуқароси Варшава аэропортида тахминан олти соат ўтирганидан сўнг ушланди ва бир ой муддатга ҳибсга олинди. У аэропортда нима қилгани ва нима учун радиосигналларни босиб қўювчи қурилма керак бўлганини тушунтира олмаган.

Фото: AP Photo/picture alliance

Варшавадаги Шопен номидаги аэропортда 23 ёшли Украина фуқароси Иля С. қўлга олинди. Унинг қўлида авиақатнов алоқаси, радиолокация ва навигация учун давлат томонидан ажратилган частота диапазонларида ишлайдиган радиосигналларни босиб қўювчи қурилма бўлган. Польшадаги Rzeczpospolita газетаси 1 январ, пайшанба куни хабар беришича, ушлаш 26 декабр куни содир бўлган.

Аэропорт хавфсизлик хизматлари ходимлари Иля С.га эътибор қаратган, чунки у бошқа йўловчилардан фарқли равишда жуда узоқ — тахминан олти соат кутиш залидаги кафеда стол ёнида ўтирган. Шу вақт давомида у қаҳва ва енгил таомлар буюртма қилиб, ноутбукдан фойдаланган. У аэропортга аввал ҳам келган-келмагани ҳозирча маълум эмас, аммо бу видеокузатув камералари ёзувлари ўрганилгандан кейин аниқланади.

Ушлаш вақтида Иля С. аэропортда нима билан шуғулланганини ва нима учун радиопомеха қурилмаси унга керак бўлганини ишонарли тарзда тушунтира олмаган. Rzeczpospolita манбаларига кўра, у ўз касби, мол-мулки ёки судланган-судланмагани ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортган. Газета суҳбатдошлари шундай дейди: “Аввалига у ўзини ҳарбий хизматчи деб айтди, орадан бир лаҳза ўтиб эса бизнесмен эканини билдирди. Шунингдек, у Полшада нима қилиб юрганини, қачон ва қандай мақсадда бу ерга келганини ҳам тушунтира олмади”. Шу билан бирга, украиналик ўзининг доимий яшаш жойи Канада эканини таъкидлаган. Прокурор Пётр Скибанинг айтишича, гумонланувчи “терговнинг дастлабки босқичида тасдиқланмаган тушунтиришлар берган”.

Варшава шаҳар туман суди 27 декабр куни прокурорнинг илтимосномасини қисман қаноатлантириб, Иля С.ни бир ой муддатга қамоққа олди. Прокуратура фикрича, шундай муддатга ҳибсда сақлаш терговчиларга ҳибсга олинган шахснинг ноутбуги ва телефонини ўрганиш, шунингдек радиоглушителнинг имкониятлари, қуввати ва қўлланиш мақсадини аниқлашга улгуриш учун зарур.

Иля С.га авиақатнов хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни содир этишга уриниш айблови қўйилган. У айбини тан олмади. Терговчилар ҳозирча ҳибсга олинган шахснинг мотивларини билмаяпти. Кўрилаётган версиялар орасида диверсия ёки жосусликка уриниш, шунингдек хавфсизлик хизматларининг жавоб қайтариш вақти (реакцияси)ни текшириб кўриш ҳам бор. Таъкидланишича, Варшавадаги Шопен аэропорти Полша учун муҳим инфратузилма объектларидан бири ҳисобланади, шунинг учун иш алоҳида жиддийлик билан тергов қилинмоқда.

“Унга радиоглушилка нима учун керак бўлгани ва у ҳақиқатан ҳам Канадада яшайди-йўқми — буларни прокуратура текширади. Ишнинг хусусиятини инобатга олганда, терговга Полша Ички хавфсизлик агентлиги ҳам қўшилиши эҳтимолдан холи эмас”, — деб изоҳ берди Rzeczpospolita газетаси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид