Жамият | 10:52 / 11.09.2018
10109
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар ўз муаммолари бўйича 1146 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин

Хотин-қизларга ҳар томонлама ижтимоий ёрдам бериш, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Республика хотин-қизлар қўмитаси томонидан 1146 ишонч телефонлари ташкил этилди. Мурожаат қилганларнинг қўнғироқлари махфий сақланиши кафолатланади. Бу ҳақида Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Шанхай аёллар федерацияси билан имзоланадиган меморандум маросимида журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Хотин-қизлар муаммолари билан шуғулланишда тизимли ишларни амалга оширяпмиз. Менталитетимизга кўра, аёллар ўзларини қийнаётган ҳолат юзасидан бирор ташкилотга мурожаат қилишга ийманишади. Буни англаган ҳолда, вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари вакилларига уйма-уй юриб, ҳақиқий вазиятни ўрганиш бўйича вазифа юкладик. Бу борада янада самарали ишларни амалга ошириш мақсадида шу йил охиригача республика реабилитация марказини ташкил этилади ва барча вилоятларда шундай нуқталар фаолият олиб боради. Туманларда ҳам босқичма-босқич 2019 йилнинг биринчи чорагида бу марказлар барпо этилади. Яна бир янгиликни айтиб ўтмоқчиман: кейинги йилларда хотин-қизларни бепул касбга ўргатувчи марказларни ташкил этамиз. Ҳозирги пайтгача республика бўйича 131 та ижтимоий мослашувчанлик марказлари ишлаяпти», дея Норбоеванинг сўзларини келтирган «Kun.uz».

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 131 минг нафар аёл иш билан таъминланди. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ кичик цехлар ташкил этилди.

Мавзуга оид