Жаҳон | 07:46 / 11.09.2018
22643
3 дақиқада ўқилади

Трамп Россияга бормоқчи бўлган Ким Чен Индан мактуб олди

Фото: AFP

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Индан хат олди, у иккинчи учрашувни белгилашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда АҚШ президентининг матбуот котиби Сара Сандерс журналистларга маълум қилди.

«Президент Ким Чен Индан хат олди. Бу жуда илиқ, ижобий мактуб эди. Биз мактубни тўла эълон қилмаймиз», - деди Сандерс брифингда. «Мактубнинг асосий мақсади АҚШ президенти билан яна бир учрашув ҳақида сўраш эди. Биз бунга тайёрмиз ва бу борада тегишли жараёнлар давом этмоқда», - деди Сандерс.

Сандерснинг сўзларига кўра, мактуб АҚШ ва КХДР ўртасидаги музокараларда олға силжишга эришилганининг яна бир далилидир.

«Биз у (учрашув) ўтказилишини хоҳлаймиз, уни ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», - дея хулоса қилди у.

АҚШ КХДРдан ядросизланиш бўйича янги қадамларни кутмоқда ва етакчиларнинг яна бир учрашувини истисно қилмайди, дея маълум қилди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон.

«(Шимолий Корея етакчиси) Ким Чен Ин апрель ойида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Инга ядросизланишни амалга ошириши ҳақида ваъда берган. У тезда буни қилишга ваъда берди ва шундай деди: «Албатта, биз икки йил ичида буни қилишимиз мумкин». Мун Чжэ Ин унга шундай деди: «Нима учун бир йил ичида қилиш мумкин эмас?». Ким Чен Ин жавоб берди: «Биз буни бир йил ичида бажарамиз». Бир йиллик муддат мана қаердан келиб чиққан», - деди Болтон Вашингтонда чиқиш қилиб.

«Мен улар буни тезроқ қилади, деб ўйлагандим. Лекин бир йил - бу ҳам ёмон эмас. Биз ҳамон улардан ҳаракатларни кутмоқдамиз. Икки давлат президентларининг (АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарларининг) янги учрашуви рўй бериши мумкин, аммо президент (Дональд) Трамп Шимолий Кореяни ўзи очиқ ҳолда ушлаб турган эшикларга киришга мажбур қилолмайди. Биз ядросизланиш бўйича қадамларни кутмоқдамиз», - дея қўшимча қилди маслаҳатчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин Россияга келмоқчи экани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид