17:52 / 11.09.2018
12462

Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари биринчи марта ўртоқлик учрашуви ўтказиши мумкин

Фото: ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бир гуруҳ вакиллари - Дилшод Саидмуродов, Жўрабек Сабдаров ва Санъат Шарипов Россияда хизмат сафарида бўлиб келди. Ташкилот матбуот хизматидан маълум қилишларича, мутахассислар сафар давомида Россия футбол иттифоқи президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Денис Рогачев билан учрашув ўтказишган.

ЎФА матбуот хизматининг билдиришича, учрашувдан асосан қуйидаги 2 та мақсад кўзланган эди: РФИнинг ҳуқуқий бўлимлари фаолияти муҳокама қилиш ҳамда ўрганилаётган тажрибалар асосида Ўзбекистонда ҳам ФИФА талабларига мос ҳолда ишлайдиган қуйидаги ҳуқуқий бўлимларни яратиш:

- тортишувларни ҳал этиш палатаси;
- апелляция қўмитаси;
- футболчининг мавқейи бўйича қўмита;
- агентлар бўйича қўмита.

Биргина "Тортишувларни ҳал этиш" палатасида 22та одам ишласа, қолган бўлимларда ҳам 7 кишидан 25 кишигача ходим меҳнат қилади. Раис ва унинг ёрдамчиси, касаба уюшмаларидан 10 киши ва клублардан ҳам шунча ишчи қўмита аъзолари ҳисобланишади. Улар тез-тез йиғилиб туришади ва кўплаб масалаларни муҳокама қилишади.

Агар шикоят бериладиган бўлса, аввалига Футболчининг мавқейи қўмитасига чиқилади, ундан сўнг меҳнат шартномасига қаралади. Шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса, иш Лозаннадаги Спорт арбитраж судига узатилади.

ЎФА мутахассислари шу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон клубларидаги футболчилар учун махсус ҳуқуқий семинар ташкил қилиш режада борлигини айтиб, РФИдан вакилларни ушбу семинарга таклиф этишди ва бу таклиф мамнуният билан қабул қилинди.

Шундан сўнг, ЎФА вакилларини РФИ техник директори Андрей Лексаков қабул қилди. Учрашув давомида U-15, U-16 ва бошқа каттароқ ёшдаги футболчилар ўртасидаги мусобақаларни ташкил қилиш борасида қизиқиш билдиришди. Бу йилдан бошлаб Гранаткин халқаро мусобақасига Ўзбекистон вакиллари ҳам таклиф қилинадиган бўлди. Лексаков мини-футбол, пляж футболи, аёллар футболи борасида ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда мусобақалар ташкил қилишга ҳайрихоҳ эканлигини билдирди.

Ўзбекистонлик мураббийларни ўқитиш ва лизенциялар бериш борасида ҳам россиялик мутахассислар ўз ёрдамларини аямасликларини таъкидлашди ва ўзбекистонлик мураббийларнинг Россияга малака оширишларида кўмаклашишга тайёр эканликларини айтиб ўтишди.

Учрашувда Россия учун Осиё футболи қизиқ эканлиги кўп бор тилга олиниб, ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик айни муддао бўлиши таъкидланди.

ЎФА вакиллари суҳбат сўнгида Россия футбол иттифоқи ходимларига Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинини ўтказиш таклифи билан чиқди. Бунга жавобан РФИ вакиллари Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов билан бўлиб ўтадиган суҳбатда бу мавзуга батафсил тўхталишга ваъда беришди.

Қўшимча қилиш ўринлики, Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалар даражасида ҳозирга қадар ўзаро ўйин ўтказмаган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасини ўз васийлигига олгани ва клубга 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритгани маълум бўлганди.

Top