Ўзбекистон | 18:13 / 12.09.2018
27859
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги пахта етиштирувчи туманларнинг ярмидан ортиғи тўлиқ кластер тизимига ўтмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни тўлиқ бажариш, 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш, пахта-тўқимачилик соҳасида кластерларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, такрорий майдонлардан кутилаётган 607 минг тонна экспортбоп маҳсулотлар, шунингдек, сентябрь-октябрь ойларида иссиқхоналарда етиштириладиган сабзавот экинларини экспорт қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Бозорларда нархлар ошишига йўл қўмаслик, 501 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш ва уларни қиш-баҳор ойларида халқ талабига мутаносиб равишда ички бозорларга чиқариш бўйича кўрсатмалар берилган.

Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. 

Жорий йилда 20та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилиб, бу тажриба дастлабки натижаларини бера бошлагани айтиб ўтилган.

Ўзини оқлаётган бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида келиб тушган таклифлар кўриб чиқилиб, ишлаб чиқариш қувватлари ва молиявий имконияти мавжуд бўлган 44 ташаббускор танлаб олинган. 2019 йилда 61та кластер томонидан жами пахта майдонларининг 51 фоизида пахта етиштириш режалаштирилмоқда. 

Келгусида пахта етиштирувчи 133та тумандан 70таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар томонидан 41та корхона ташкил этилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Янги қувватларни ташкил этиш ва кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида, 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади. Бу 2017 йилга нисбатан 2 маротаба кўп дегани. 2020 йилга бориб, пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади. 

«Шунинг учун кластерлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам беришимиз зарур. Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам татбиқ этиш, кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.  

2019-2023 йилларда қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш тизимини босқичма-босқич жорий этиш дастурини ишлаб чиқиш, соҳага халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш бўйича топшириқлар берилган.

Мавзуга оид