Жаҳон | 00:42 / 13.09.2018
12858
2 дақиқада ўқилади

Европарламент илк бор Европа Иттифоқига аъзо давлатни жазолашга қарор қилди 

Фото: Vincent Kessler / Reuters

Европарламент Венгрия ҳукумати томонидан демократик институтлар пой-мол қилиниши” ва “Стоп Сорос” қонуни қабул қилиниши сабабли ушбу давлатга қарши жараённи бошлади. Унга кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар рози бўлса, Венгрия овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бу ҳақда CNN телекомпанияси хабар бермоқда

Европа Иттифоқига аъзо баъзи давлатларда Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг сиёсати хавотир уйғотмоқда. 

Европа Иттифоқига аъзо давлатга нисбатан интизомий жараён илк бор амалга оширилмоқда. Аввал бундай қарорни Европа Иттифоқининг бошқа уюшмаси – Европа комиссияси Польшага нисбатан қабул қилган. Таъкидланишича, интизомий жараён ЕИга аъзо давлатлар томонидан блокнинг “асосий қадриятлари” бузилишининг олдини олишга қаратилган. 

Венгрия парламенти томонидан июнь охирида қабул қилинган “Стоп Сорос” қонуни ҳам Европа Иттифоқи танқидига сабаб бўлган. Қонунда нотижорат ташкилотлар томонидан ноқонуний муҳожирларга ёрдам берганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Ушбу қонуннинг номи венгер миллатига мансуб америкалик миллиардер Жорж Сорос номидан олинган бўлиб, миллиардернинг “Очиқ жамият” жамғармаси муҳожирларга ёрдам кўрсатган.

Венгрия бош вазири Еврокомиссиянинг Венгриядаги сиёсат ҳақидаги докладини “шантаж қилиш” деб атаган. 

Мавзуга оид