Ўзбекистон | 19:36 / 13.09.2018
6831
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари фаолияти қандай мониторинг қилинади?

Фото: Sputnik

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом билан меҳнат мигрантлари фаолиятининг мониторинги тартиби белгиланди.

Ишга жойлаштириладиган давлатда меҳнат мигрантлари фаолиятининг мониторинги, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш:

Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларининг меҳнат масалалари бўйича атташеси;

Агентликнинг хорижий ваколатхоналари;

Агентликнинг давлат ва нодавлат хорижий ҳамкорлари;

юборувчи ташкилотлар;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги меҳнат мигрантларини виждонсиз иш берувчидан ҳимоя қилишда ва меҳнат мигрантлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишда қуйидаги барча жиҳатлар мониторингини олиб бориш бўйича Ўзбекистон Республикасининг махсус ваколатли органи ҳисобланади:

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида меҳнат мигрантларини жалб қилиш учун уз мамлакатининг ваколатли органларида расман рўйхатга олинган ёки аккредитациядан ўтказилган хорижий иш берувчилар билан битимлар тузиш;

талабгорларни танлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун юборувчи ташкилотлар томонидан тузиладиган шартномаларнинг ва меҳнат мигрантлари томонидан хорижий иш берувчилар билан тузилган меҳнат шартномаларининг қонун ҳужжатларига ҳамда халқаро ҳуқуқ ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида назорат қилиш;

ишга жойлаштириладиган давлатда ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаган даражада меҳнат мигрантларини иш ҳақи билан таъминлаш нормаларига риоя этиш;

ишга жойлаштириладиган мамлакатда белгиланган муносиб яшаш ва ишлаш шарт-шароитларини таъминлаш нормаларига риоя қилиш.

Зарурат бўлса, Агентлик ва унинг хориждаги ваколатхоналари меҳнат мигрантлари манфаатдор бўлган турли масалалар юзасидан учрашувлар ўтказади, тиббий хизматлардан фойдаланишда кўмаклашади, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари иш берувчи томонидан бузилишининг олдини олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид