Жаҳон | 11:09 / 14.09.2018
4328
2 дақиқада ўқилади

Amazon раҳбари Трампни матбуотга зуғум ўтказгани учун танқид қилди

Фото: AP

Amazon.com интернет компанияси, Blue Origin аэрокосмик компанияси асосчиси ва The Washington Post нашриёт уйи эгаси Жефф Безос АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг маъмуриятини матбуот вакилларига зуғум ўтказгани учун танқид қилди.

"Матбуотни ёвуз қилиб кўрсатиш жудаям хавфли… Демократик йўл билан сайланган ҳеч бир амалдор, хоҳ у президент ёки губернатор бўлсин, матбуот уни мақташини ва газеталарда унга ёқадиган сарлавҳалар бўлишини кутмаслиги даркор", — деди Безос Вашингтондаги Иқтисодий клубдаги чиқишида.

"Биласизми, у “мени танқид қилишяпти, бу жуда зўр, чунки аслида шундай бўлиши керак", дейиши лозим”, — деди Безос. У Washington Post журналистларини холис бўлишга чақиришини таъкидлади. "Мен уларга: ҳаттоки маъмурият сизлар билан уруш ҳолатида бўлса ҳам сизлар у билан уруш ҳолатида бўлмаслигингиз керак. Шунчаки ўз ишингизни бажаринг, дейман", — деди бизнесмен.  

6 ноябрда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар яқинлашиши билан кейинги вақтда Трамп ва унинг маъмурияти ҳақида танқидий чиқишлар сони ошиб кетди. АҚШ маъмурияти бундай чиқишларга нисбатан мунтазам равишда раддиялар бери келмоқда. Трампнинг ўзи эса ОАВни "сохта хабарлари" учун танқид қилади.

АҚШ президенти матбуот билан анча олдин уруш бошлаган. У президентликка сайлангандан буён Америка оммавий ахборот воситалари билан келиша олмаяпти. АҚШ президенти ҳатто ўтган йили энг ёлғончи ОАВ рейтингини тузишни ва уларга мукофот беришни ҳам таклиф қилганди. 2018 йил бошида эса Дональд Трамп ўзининг Twitter’даги саҳифасида ана шундай рўйхатни эълон ҳам қилди.

 

Мавзуга оид