Жаҳон | 10:28 / 14.09.2018
3395
2 дақиқада ўқилади

Колумбия венесуэлалик қочқинлар оқими сабабли АДТдан маблағ ажратилишини сўради

Фото: AP/Eliecer Mantilla

Колумбия президенти Иван Дуке Америка давлатлари ташкилоти (АДТ) ва Америкааро тараққиёт банкидан қўшни Венесуэладан қочқинлар оқими кўпайгани сабабли мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатишни сўради.

“АДТ ёрдами ва Америкааро тараққиёт банки президенти қўллаб-қувватлови билан яримшаримиздаги бу вазиятни ҳал қилиш учун молиялаштириш воситалари бўлишини таъкидлайман”, деб айтган Дуке АДТ раҳбари Луис Альмагро билан учрашувдан кейин.

Халқаро миграция ташкилоти май ойи бошида 2015-2017 йиллар давомида венесуэлалик қочқинлар сони 10 мартадан кўпроқ ошганини маълум қилган. 2015 йилда уларнинг сони 89 минг нафарга баҳоланган бўлса, 2017 йил якунларига кўра 900 мингни ташкил қилган. Бу давр ичида бутун дунё бўйлаб бошпана қидираётган венесуэлаликлар умумий миқдори 700 мингдан 1,5 млн нафаргача кўпайган.

БМТ ҳозирда венесуэлалик қочқинлар сонини 2,3 млн нафар деб баҳоламоқда. Колумбиянинг ўзида уларнинг сони 1 млнгача етади. 

Ҳозирда Венесуэладаги вазият маҳсулотлар танқислиги, жуда кучли инфляция ва давлат даромадлари пасайиб кетгани сабабли фалокатли кўриниш олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид