Иқтисодиёт | 10:12 / 14.09.2018
9630
3 дақиқада ўқилади

Россия билан ҳамкорликда балиқчилик соҳасида қўшма корхона ташкил этилади

Фото: Fishretail

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Балиқчилик соҳасида селекция-наслчилик ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича 3 мингдан ортиқ балиқчилик хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлсада, селекция-наслчилик ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва хўжаликлари сони атиги 6тани ташкил этади.

Маълум қилинишича, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан Россия Федерациясининг “Росрыбхоз” уюшмаси ўртасида балиқчилик хўжалиги ва аквакультура соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган;

Россия Федерациясининг “Росрыбхоз” уюшмаси томонидан Ўзбекистонда ташкил этиладиган селекция-наслчилик қўшма корхонасининг таъсисчиси этиб “Аквафишпром” масъулияти чекланган жамияти (Россия Федерацияси) таклиф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Балиқчилик илмий-тадқиқот институти базасининг бир қисмида Россия Федерациясининг “Росрыбхоз” уюшмаси билан ҳамкорликда балиқчилик соҳасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги селекция-наслчилик қўшма корхонасини ташкил этиш;

Селекция-наслчилик қўшма корхонасининг устав фонди Ўзбекистон томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 51 фоиз ва Россия Федерацияси томонидан “Росрыбхоз” уюшмаси номидан “Аквафишпром” МЧЖ жамиятининг 49 фоиз улуши билан шакллантириш;

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Селекция-наслчилик қўшма корхонаси устав фондидаги улуши институтнинг Тошкент вилояти Янгийўл тумани Қўшёғоч ҳудудида жойлашган 207,5 гектар сунъий сув ҳавзаси ва ер участкасидан 49 йилга фойдаланиш ҳуқуқини белгиланган тартибда Селекция-наслчилик қўшма корхонаси устав фондига бериш ҳисобига шакллантириш;

“Аквафишпром” масъулияти чекланган жамиятининг Селекция-наслчилик қўшма корхонаси устав фондидаги улуши пул маблағлари, наслли она балиқлар ва асбоб-ускуналар ҳисобига шакллантириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, Селекция-наслчилик қўшма корхонаси:

ўз фаолиятини ўзини-ўзи молиялаштириш ҳисобига амалга оширади, ишлаб чиқариш, иқтисодий ва молиявий фаолиятлари бўйича масалаларни мустақил равишда ҳал этади;

устав фондидаги “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг улуши корхонага тасарруф этиш ҳуқуқисиз эгалик қилиш ва фойдаланиш учун берилади ва Селекция-наслчилик қўшма корхонаси томонидан улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид