Ўзбекистон | 14:30 / 14.09.2018
2880
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларусь соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Беларусь Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Валерий Малашко бошчилигидаги делегация билан учрашди. Мулоқотда тиббиёт соҳасида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тиббиёт соҳасини модернизация қилиш, бу борада инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тиббий таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамда бошқарув соҳасида ахборот тизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунга кўра, тиббиёт таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, санитария-эпидемиология, клиник ва профилактик тиббиёт ҳамда тиббий радиология йўналишида ҳам фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш каби соҳаларда тажриба алмашиш кўзда тутилмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Аввалроқ, Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенконинг юртимизга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукумат ва вазирликлари ўртасида қатор икки томонлама муҳим ҳужжатлар имзоланганди.

Ушбу ҳужжатлар қатори “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Давлат суд экспертизаси қўмитаси ўртасида идоралараро суд-тиббий фаолият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида идоралараро соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим” ҳам имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид