Ўзбекистон | 15:20 / 15.09.2018
5502
3 дақиқада ўқилади

Турбизнес: ҚҚСга ўтишнинг асоратларини юмшатувчи уч сценарий таклиф қилинди

Хусусий туристик ташкилотлар уюшмаси (ХТТУ) Давлат солиқ қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий лойиҳа бошқарув қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасининг янги Солиқ кодексини ишлаб чиқишда қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)ни киритиш туристик пакетлар нархларининг ошиши ва Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини пасайтиришига олиб келишини инобатга олишини сўраб, мазкур вазиятдан чиқишга доир аниқ таклифлар билдирилган хатни йўллади.

Бу муаммо биринчи марта 2018 йилнинг июль ойида Уюшма вакилларининг Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан кечган учрашувида, кейин эса Вазирлар Маҳкамасидаги тадбирда кўтарилган эди.

ХТТУ раиси Гулчеҳра Исроилова туристик соҳа рентабеллиги ошиши ҳамда бюджетга қўшимча маблағлар тушишига туртки берувчи уч хил вариантни таклиф қилди.

1-вариант

Солиқ кодекси (СҚ)нинг 208-моддаси, 15 пунктидан “туристик-экскурсион хизматлар” сўзлари ва шунга мувофиқ абзацни олиб ташлаб, “Туристик-экскурсион хизматларни амалга ошириш айланмаси ноль ставка бўйича қўшимча қиймат солиғи билан қопланади” матнли янги моддани киритиш.

Натижада ҚҚСни кириш хизматлари (меҳмонхоналар, музейлар, ресторанлар ва ҳ.к.) бўйича қабул қилиш имкони пайдо бўлади, зеро туроператорларда солиққа тортилмайдиган айланма ўрнига у тортилади, фақат ноль ставка бўйича.

2-вариант

Таклифнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, СК 208-моддаси, 15-пунктидан “туристик-экскурсион хизматлар” сўзлари ва тегишли абзацни олиб ташлаб, СК 212-моддасини “ва хизматлар” сўзи билан тўлдириш, яъни ҚҚС ноль ставкаси таъсирини нафақат товарлар, балки экспорт хизматларига нисбатан ҳам қўллаш.

Натижа худди аввалги вариантдагидек бўлади, лекин туристик соҳадан ташқари ҳар қандай экспорт хизматларини кўрсатиш рағбатлантирилади, бу эса республикага кириб келувчи валюта воситалари оқимининг ошишига олиб келади.

3-вариант

Юзага келган вазиятдан СК 2018-моддаси, 15-пунктидаги туристик-экскурсион хизматлар қисми қоидаларни ўзгаришсиз сақлаб қолиш, аммо СҚнинг 220 ва 221-моддаларидан ҚҚСни солиққа тортилмаган айланмалар учун қўлланувчи товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича қабул қилишни тақиқловчи қоидаларни олиб ташлаш.

Хусусий туристик ташкилотлар уюшмаси янги солиқ қонунчилигини ишлаб чиқишда юқоридаги вариантлардан бири инобатга олиниши ва бу мамлакатда туризм соҳасининг барқарор ривожланиши учун хизмат қилишига катта умид билдирмоқда.

Мавзуга оид