Жамият | 10:14 / 15.09.2018
11449
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк маротаба эко-мобил ўйин яратилди

Озон котибияти ҳамда БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) “ОзонЭкшн” кўмагида тайёрланган “Вақт машинаси: саргузашт” (“Time machine: quest”) деб номланувчи  таълимий, интеллектуал мобил ўйин озон қатлами ва уни асраш масалаларини қамраб олган.

14 сентябрда “Wyndham Tashkent”  меҳмонхонасида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури, Озон котибияти вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида ушбу мобил илованинг тақдимоти бўлиб ўтди. “Вақт машинаси: саргузашт” ўйини 16 сентябрь – “Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш куни” муносабати билан яратилди.

Фото: Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Лойиҳа ташаббускорларидан бири бўлган Акбар Султонов Kun.uz мухбирига  ўйин ҳақида маълумот берди:

“Мобил иловани яратишда юқорида номлари келтирилган ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшишди. Биз лойиҳа устида йил бошидан бери ишлаяпмиз. Ҳозир ҳам уни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиляпмиз. “Вақт машинаси: саргузашт” мобил ўйини одамларга озон қатлами ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини ўргатади. Бунда экология борасида саволлар берилади. Ҳар бир тўғри жавоб учун балл берилади. Мобил илова 2 қисмдан: асосий ва мини-ўйиндан иборат. Биринчи бўлим инглиз ва рус тилида, иккинчиси эса ўзбек, инглиз, рус, француз ва португал тилида фаолият юритади ва барча ёшдаги инсонлар учун мўлжалланган. Болаларга 3 ёшдан бошлаб ўйнаш мумкин”.

Тақдимот давомида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев сўзга чиқиб қуйидагиларни баён этди:

“Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда “Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Вена конвенциясини имзолаб, “Озон емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи” ва унинг қўшимчаларини (Лондон, Копенгаген, Монреаль, Пекин) ратификация қилди. Айни вақтда юртимизда ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар бажариб келинмоқда. Монреаль протоколи юзасидан олинган мажбуриятларни бажаришда асосий стратегик йўналишлардан бири бу – 2030 йилга келиб гидрохлорфторуглеродлардан (ГХФУ) батамом воз кечиш ҳисобланади. Юртимизда ушбу соҳада амалга оширилган ишларнинг намунаси сифатида мазкур иловани мисол келтиришимиз мумкин. Бу ўйин ёшларга, катталарга экологияни биргаликда асрашга чорлайди, деган умиддамиз”.

Фото: Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Шу билан бирга, анжуманда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрайзер ҳамда Озон котибиятининг коммуникациялар бўйича мутахассиси Ден Тенго озон қатламини ҳимоя қилишга билан боғлиқ билимларнинг ошишига ёрдам берувчи ташаббуснинг дунё юзини кўрганлигидан барчани самимий қутладилар.

Маълумот ўрнида: “Вақт машинаси: саргузашт” мобил иловаси Андроид 4.4 операцион системасида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган. Ўйиннинг бета версиясини www/game.o3.uz/TMQuest.apk ҳаволаси орқали бепул юклаб олиш мумкин. Яқин кунларда ушбу мобил иловани PlayMarket’дан ҳам сотиб олиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид