17:41 / 17.09.2018
19959

Сурхондарёда ўзини тўққиз ёшга "ёшартирган" фуқаро аниқланди

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси қалбаки ҳужжатлар асосида биометрик паспортни қўлга киритган шахсни аниқлади. У 1976 йил 20 май куни туғилган бўлса-да, сохта маълумот ва ҳужжатлар асосида туғилган йилини тўққиз йилга ёшартириб олишга эришган, деб ёзмоқда ЎзА.

Ички ишлар идорасида ёлланма ходим бўлиб ишлайдиган фуқаро Малоҳат Жўраева (исм-фамилияси ўзгартирилди) фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига шикоят ариза билан мурожаат этиб, ўзининг 20.05.1976 йилда эмас балки, 20.05.1985 йилда туғилганлигини, туғилган вақтида отаси вафот этганлиги сабабли онаси ўз вақтида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаганини, 1999 йилда бобоси Сариосиё тумани фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлимига бориб, эътиборсизлик билан унга 1976 йилда туғилганлик ҳақида гувоҳнома олганини маълум қилган. 

Туғилганлик гувоҳномаси ва фуқаролик паспортида 1976 йилда туғилган, деб кўрсатилган бўлса-да, ўзи аслида 1985 йилда туғилганлигини, яшаган манзилининг қишлоқ врачлик пункти ва маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолини рўйхатга олиш расмий китобида 1985 йилда туғилганлар рўйхатида туришини, мактабда ҳам 1985 йилда туғилган тенгқурлари билан ўқиганлигини, бу ҳолатни Сариосиё туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабни 16.06.2002 йилда битирганлик ҳақидаги шаҳодатномаси тасдиқлашини билдирган.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди фуқаро М.Жўраеванинг важларини қаноатлантириб, унинг туғилган йилини 1976 йилдан 1985 йилга ўзгартириш мажбуриятини Сариосиё тумани фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими бошлиғи зиммасига юклаган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, туман фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими томонидан М. Жўраевага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома дубликати берилган бўлиб, унда 1985 йил 20 май кунида туғилганлиги кўрсатилган бўлса-да, гувоҳнома ФҲДЁБда мавжуд далолатномаларни қайд этиш китобига 1976 йил 11 июнь куни 222- рақам билан қайд этилганлиги ҳақида ёзиб қўйилган.

Бироқ, суриштирув ишлари натижасида фуқаро М. Жўраеванинг Сариосиё туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфини 1992/1993-ўқув йилида тамомлагани аниқланган. Шу сабабли унга 1993 йилда АУ №191376 серия рақамли шаҳодатнома берилган. Ушбу ҳужжат М. Жўраеванинг 1976 йилда туғилганлигини тасдиқлайди. Шунингдек, унга тегишли меҳнат дафтарчасининг 2-3 бетларида у илк меҳнат фаолиятини бошлаган йиллар қайд этилган. Агар М. Жўраева ростдан ҳам 1985 йилда туғилган бўлса, у 12 ёшидан ишга қабул қилинган экан-да, деган хулоса келиб чиқади.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top