Жамият | 18:33 / 17.09.2018
5203
2 дақиқада ўқилади

“Замонамиз қаҳрамони” туркумида янги асарлар чоп этилди

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

"Ғафур Ғулом" номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида “Замонамиз қаҳрамони” туркумида янги асарлар чоп этилди. Нашр этилган китоблар рўйхатида Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ”, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан”, Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача” ва Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” асарлари бор.

Китоблар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ташкил этган танлов натижаларидан келиб чиққан ҳолда нашр қилинди.

- Танлов “ЎзАС” газетасида эълон қилинган эди. Танловда иштирок этган кўплаб асарлар орасида шу тўртта китоб танлаб олинди ва "Ғафур Ғулом" номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилди. Уларнинг ҳар бирида жамиятнинг бирор соҳасида хизмати сингган замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти акс эттирилган. Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ” романида темирйўлчилар, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” асарида учувчининг ҳаёти, Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача” асарида чегарачилар ҳаёти тасвирланган. Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” асари эса ўзбек олимининг чет элга чиқиши ҳақида, - дейди "Ғафур Ғулом" номидаги НМИУ ходими Санжар Турсунов.

Китоблар 3 минг тиражда чиқарилган.

Мавзуга оид