Технология | 09:34 / 18.09.2018
8296
2 дақиқада ўқилади

Германияда дунёдаги илк водород поезди қатнови йўлга қўйилди

Франциянинг Alstom компанияси Германия шимолида водород ёнилғи элементларида ишловчи дунёдаги илк поезд Coradia iLint қатновини йўлга қўйди.  

Фото: DAVID HECKER/EPA-EFE/REX/Shutterstock
Фото: AFP

Биринчи поезд йўловчилар билан бирга 17 сентябрь эрталаб Қуйи Саксониядаги Бремерферд, Куксхафен, Бремерхафен ва Букстехуде шаҳарларини боғловчи йўналиш бўйича жўнаган. 16 сентябрда компания поезднинг синов қатновини амалга оширганди. 

Поезд 140 км/соат тезлик билан бир қувватланишда деярли шовқин чиқармай минг километр йўл ўта олади. Поезд томида водород ёнилғиси бўлган цистерна ва водород энергиясини электр токка айлантирувчи ёнилғи элементи ўрнатилган. Жараён вақтида ишлаб чиқарилган ортиқча энергия пол остидаги литий-ион батареяларга узатилади. Бу батареялар поезд секинлашаётганда қўлланади.

Фото: DAVID HECKER/EPA-EFE/REX/Shutterstock
Фото: DAVID HECKER/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Alstom’да таъкидланишича, Coradia iLint атроф-муҳитга умуман зарарли модда чиқармайди, поезд ташқарига фақатгина буғ ва конденсатланган сув чиқаради.

Фото: DAVID HECKER/EPA-EFE/REX/Shutterstock

2021 йилдан Букстехуде-Куксхафен йўналиши бўйлаб 14 та шундай поезд ҳаракатлана бошлайди. Қуйи Саксония транспорт вазирлиги яқин истиқболда барча дизель поездларни водород поездларга ўзгартирмоқчи. Бироқ бунда бир муаммо мавжуд бўлиб, Германияда водород тўлдириш станциялари тармоғи яхши ривожланмаган ва бу поезддан фойдаланишни қимматга айлантиради. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид