11:45 / 19.09.2018
51747

AIBA ва ХОҚ можароси. Ғофур Раҳимов атрофида нималар юз беряпти?

Москвада ноябрь ойи бошида бўлиб ўтадиган Халқаро ҳаваскор бокс федерациясида (AIBA) президентлик сайловлари сўнгги йилларда шунга ўхшаш сайловлар орасида энг қизиқарли ва кескин бўлиши кутилмоқда. AIBA раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ғофур Раҳимов ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ўртасидаги зиддият шундай ҳолатни келтириб чиқарди. ХОҚ Америка санкциялари остида бўлган ўзбекистонлик амалдорга номзодини бекор қилишни тавсия қилди, акс ҳолда Олимпия дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги билдирилди. Лекин Ғофур Раҳимов босимга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида маълум қилди. Россия бокс федерацияси Ғофур Раҳимовни қўллаб-қувватлади, ташкилот бош котиби Умар Кремлев эса «бундай президент билан боксда шубҳасиз келажак борлиги» ҳақида айтиб ўтди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ» нашри.

Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси президентлигига бўлиб ўтиши мўлжалланган сайловлар мавзуси шу ҳафта бокс ҳамжамиятида энг муҳокама қилинувчи масалага айланди. Сайловлар 3 ноябрь куни Москвада ўтказилади. Сайловлар билан боғлиқ вазиятга улардаги асосий фаворит бўлган Ғофур Раҳимовнинг атрофидаги ҳолат кескинлик берди.

У ўтган йили, январь ойида, ушбу тузилмадаги бошқарув инқирози пайтида AIBA президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи бўлди. Инқирознинг қурбонига федерацияга 2006 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган тайванлик У Цзинго айланди. Маълум бўлишича, унинг бошқаруви пайтида молиявий ҳолат жуда ачинарли даражага келиб қолган, баъзи маълумотларга кўра эса, қарздорлик 50 млн долларга етган. Бу муаммолар спортга ўз таъсирини ўтказмай қолмади - масалан, бокс оламида малакасиз ва кўп пайтларда холис бўлмаган ҳакамликдан ғазабланиш ҳолатлари кўпайиб борди.

Ғофур Раҳимов вазиятни тўғрилашга бир қатор қадамлар қўйди. У AIBA қарзларини йўқотиб, ҳакамлик сифатини оширишга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширди. Раҳимов президент сифатида сайланадиган бўлса, AIBA’да кенг кўламли ислоҳотларни ўтказишга ваъда берди. Осиё бокс конфедерацияси раҳбари Серик Қўнақбаев у билан сайловларда рақобат қилмоқчи бўлган ягона номзодга айланди, бироқ таҳлилчилар унинг имкониятларини жуда паст баҳолашмоқда.

Фото: Казинформ

Халқаро олимпия қўмитаси сайловлардаги интригани келтириб чиқади. Асосий спорт тузилмаси Ғофур Раҳимов билан боғлиқ даъволарни аввал ҳам маълум қилиб келган бўлса-да, бироқ бу сафар унинг сайланишига қарши чиқишини аниқ кўрсатди. Insidethegames ресурси Ғофур Раҳимовга Халқаро олимпия қўмитасининг ахлоқ бўйича қўмитаси раҳбари Пакретт Жирар-Запелли томонидан юборилган хат матнини эълон қилди. У ультиматумга ўхшайди. Запелли хонимнинг ёзишича, AIBA’га сайловларга «бокс манфаатлари учун» фақатгина «мутлақо тоза» номзодлар ўз номзодини қўйиши мумкин. Шу билан бирга, Ғофур Раҳимовнинг бэкграундини у «тоза» ҳисобламайди. Унинг эслатишича, амалдор АҚШ Молия вазирлиги санкциялар рўйхатида бўлиб, у жиноий ташкилотлар билан алоқадорликда гумонланади. Бу айбловларни Раҳимов бир неча бор рад этди. Пакретт Жирар-Запелли, худди ХОҚ президенти Томас Бах каби, бокс, агарда унинг етакчилари асосий тузилма тавсияларини бажаришмаса, Токиода 2020 йилда бўлиб ўтадиган кейинги ёзги Олимпиада дастурида ўз ўрнини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Худди шундай қийинчиликлар бир йил олдин Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжиновда келиб чиқди, у ҳам ўз вақтида АҚШ санкциялари остида қолди. FIDE ичида қатор юқори мансабли амалдорлар гуруҳи билан зиддиятга киришган Илюмжинов улар унинг ўз лавозимини тарк этишига сабабчи бўла олмаслигини узоқ вақт исботлашга уринди, бироқ якунда навбатдаги сайловларда иштирок этишдан бош тортди.

Ғофур Раҳимов, маълум бўлишича, улардан воз кечмоқчи эмас. Аксинча, ХОҚ томонидан ультиматумга ўз баёнотини эълон қилди. Унда у AIBA’га кирувчи миллий федерацияларни, яъни, ноябрь ойидаги сайловлар натижаси бевосита боғлиқ бўлганларни «миш-мишлар таъсирига тушмаслик» ва мақсади «демократик жараёнга аралашиш» бўлган турли «спекуляцияларга» эътибор қаратмасликка чақирди. Айни пайтда АИБА фаолияти ҳақида гапирар экан, Ғофур Раҳимов у «тўлиқ шаффофлик»ни назарда тутиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Фото: AIBA

Боксдаги энг нуфузлилардан бири бўлган Россия бокс федерацияси Ғофур Раҳимов тарафини эгаллади. Ташкилот бош котиби Умар Кремлевнинг «Коммерсантъ»га айтишича, ХОҚ амалдорлари позициясини тушунмайди, сабаби «миллий федерацияларнинг 90 фоизи, жумладан, АҚШ федерацияси ҳам, ижроия қўмитаси аъзоларининг кўпчилиги каби айнан Раҳимовни қўллаб-қувватлайди». Кремлевнинг таъкидлашича, AIBA’да 20 йилдан ортиқ вақт давомида раҳбарлик лавозимини эгаллаб келаётган Ғофур Раҳимов «бокс учун кўп иш қилди - банкротликни тўхтатди, ҳакамликда тартиб ўрнатмоқда» ҳамда «ҳақиқий етакчи саналади», у билан «боксда шубҳасиз келажак бор». Унинг қўшимча қилишича, «ҳар қандай босим - бу нотўғри ва қоидаларга қарама-қаршидир»: «Бизда демократия, диктатура эмас».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХОҚ Ғофур Раҳимовга чақириқ билан чиққанди.

Шундан сўнг Ғофур Раҳимов AIBA аъзоларини сайлов олдидан ОАВдаги гап-сўзларга эътибор қаратмасликка чақирди.

Маълумот учун: «Коммерсант» нашриёт уйининг 100 фоиз акцияларига эгалик қилувчи «Коммерсант-холдинг» ЁАЖ, ўз навбатида, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов томонидан назорат қилинади.

Мавзу
ХОҚ ва AIBA уруши
Халқаро олимпия қўмитаси ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов AIBA президенти бўлишини истамаяпти ва бокс спортини олимпиада дастуридан чиқариш билан таҳдид қилмоқда
Барчаси
Top