Жаҳон | 22:38 / 19.09.2018
13662
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонга Россиядан илк бор “Искандер-М” мажмуалари ташланди

Фото: ВБ

Қирғизистонга МДҲ давлатларининг қўшма аксилтеррорчилик машғулотларида иштирок этиш учун илк бор Россиянинг Уралидан “Искандер-М” ракета мажмуалари ташланди. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи маълум қилган.

Таъкидланишича, “Иссиқ-кўл-Антитеррор 2018” деб номланган машғулотлар давомида ракетачилар “Эдельвейс” тоғ полигонидаги террорчиларнинг шартли лагерига зарба берадилар.

“Искандер-М” мажмуаси 500 км масофагача жойлашган кичик ўлчамли ва майдондаги нишонлар: ракета мажмуалари, ёппасига ўт очиш реактив тизимлари, артиллерия, аэродромдаги самолёт ва вертолётлар, қўмондонлик пунктлари ва алоқа узелларини мўлжалга олишга мўлжалланган. 

Аввалроқ ушбу машғулотларда иштирок этиш учун Тувадан Марказий ҳарбий округнинг мотоўқотар бригадасининг батальон-тактик гуруҳи ташланган. Машғулотлар жойига Марказий ҳарбий округ тоғ бригадасининг 50 та ҳарбий техникаси, жумладан, 2С23 “Нона-СВК” ўзиюрар артиллерия установкалари, “Тигр” зирҳли автомобиллари, “Урал” ва КамАЗ юк машиналари етказилган.

Машғулотлар 24 сентябрда бошланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид