Жамият | 14:48 / 19.09.2018
55914
10 дақиқада ўқилади

Ҳоким бинони бузишни талаб қилмоқда – тадбиркор хусусий шифохона қураётган эди

Наманганда деярли битиш арафасида турган хусусий тиббиёт муассасасини бузиш талаб қилинмоқда. Kun.Uz таҳририятига Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Универсал Планет Мебел” МЧЖдан шикоят келиб тушди. Унда тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан Тўрақўрғон тумани “Мажнунтол” маҳалласида 150 ўринлик хусусий тиббий диагностика даволаш маркази барпо этаётгани, бироқ туман ҳокимлиги ярмигача кўтарилган бино-иншоотларни бузишни талаб қилаётгани ҳақида сўз боради. Маълум қилинишича, қурилиш ишлари якунланиб, тиббий муассаса фойдаланишга топширилса, 60та янги иш ўрни пайдо бўлиши кутилаётган эди. 

Даставвал шикоят аризада келтирилган муаммони жойида ўрганиш мақсадида Тўрақўрғон тумани “Мажнунтол” МФЙга бориб, тадбиркор билан учрашдик. 

 

“2016 йил 19 ноябрда туман ҳокимининг 893-сонли қарорига асосан “Универсал Планет Мебел” МЧЖга тиббиёт муассасаси барпо этиш учун ер майдони ажратиб берилди. Фирма 2018 йил май ойидан замонавий типдаги лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, барча рухсатномаларни олганидан сўнг, қурилиш ишларини бошлаб юборди”, - дейди корхона менежери Анваржон Абдуллаев. 

Унинг сўзларига кўра, маҳаллада истиқомат қилувчи А.Қосимов ва бошқа бир неча фуқароларнинг Президент виртуал қабулхонаси, вилоят прокуратураси, туман ҳокимлигига йўллаган шикоят мактубларидан кейин ҳоким муовини аризачилар ва корхона раҳбари иштирокида йиғилиш ўтказган. Унда ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари шикоятчилар қурилиш бўлаётган ер майдонини аввалгидек, туман тиббиёт бирлашмасига қайтаришни сўраганини билдирган. (Эътибор беринг, оддий фуқаро дабдурустдан қурилаётган хусусий тиббиёт маркази бузилиб, ер майдони аввалгидек тиббиёт бирлашмасига қайтарилиши, у ерда давлат ҳисобидан тиббий муассаса барпо этилиши учун жон куйдирмоқда.) 

Давлат миқёсида тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида мазкур соҳада ҳам давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор берилаётган кунда бу ҳолатни қандай тушунишни билмадик.

Тадбиркор эса, ўз навбатида туман ҳокимлиги ер майдони нотўғри ажратилган, деган фикрда бўлса, бино-иншоотларни барпо этиш учун шунча сарф харажат қилишдан аввал, фирма вакилини чақириб, бундан огоҳлантириши мумкин эди, деган фикрни илгари сурмоқда. Бироқ, ҳокимлик қурилиш ишлари деярли якунланиб, томини ёпиш ишлари яқинлашганида ерни қайтариш ва бинони бузиш тўғрисида қарор чиқарган. 

“Бугунги кунда жамиятда 20 киши қурилиш ишлари билан банд бўлиб, жами 710 млн сўмга яқин ишлар амалга оширилган. МЧЖ бу лойиҳани тўхтатадиган бўлса, корхонанинг молиявий аҳволига жиддий салбий таъсир кўрсатади ва касодга учраш эҳтимоли ортади. Қолаверса, ер майдони ажратилиши борасида ҳеч қандай ноқонуний иш қилинмаган. Чунки туман ҳокимининг ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори чиқарилишидан аввал, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бинолар бирлашма томонидан бузиб олиниб, ер майдони бўш бўлган. Туман ҳокими қарори ноқонуний чиқарилган, деган даъво ҳам нотўғридир. Чунки ер майдони Президентнинг 2012 йил 10 майдаги ПҚ-1754-сонли “2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида берилган”, - дейди менежер биз билан суҳбатда. 

Аризачилар ер майдони яна тиббиёт бирлашмасига қайтарилишини ва у ерда шифохона барпо этишни сўраган бўлса, “биз ҳам шифохона қуряпмиз-ку”, - дейди тадбиркор. Унинг таъкидлашича, гарчи бу замонавий тиббиёт муассаса хусусий бўлса-да, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки қарияларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 3та палата (2-2-3 койкадан иборат) ажратилади. “Унда бирданига 7 бемор ҳеч қандай пул тўламасдан, бепул даволаниш имконига эга бўлади. Бу бир ойда 21 киши замонавий тиббий хизматга бепул эга бўлади, демакдир”, - дея аниқлик киритди фирма менежери.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, улар мазкур муаммо юзасидан Наманган вилоят прокуратурасига ҳам мурожаат қилган. Вилоят прокуратураси 2018 йил 15 августдаги 10.2/10-18-76-9184 сонли мактуби билан туман прокуратурасига ушбу муаммо бўйича важларни ва бошқа ҳолатларни тўлиқ ўрганиб чиқиш вазифасини топширган. Абдуллаевнинг айтишича, вилоят прокуратураси хусусий тиббий муассаса қурилиши билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларга мос келмайдиган жиҳатлари қонун талабларига мослаштирилиши, қурилиш ишлари давом эттирилиши, тадбиркорга ёрдам кўрсатилиши керак, деган фикрда.

Умуман МЧЖга берилган ҳудудда қандай иншоот қад ростламоқда? Абдуллаев бу саволга ҳам ойдинлик киритиб, лойиҳа бўйича тушунтириш берди. 

Шу билан бирга, МЧЖ менежери Абдуллаев туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилиб, аввалги туман ҳокимининг ер майдони ажратиш бўйича 897-сон қарорини бекор қилиш ўрнига қурилиш ишларига амалий ёрдам беришмаса ҳам, тўсқинлик қилишмаса, катта кўмак беришларини билдирди. 

Шундай сўнг, Тўрақўрғон туман ҳокимлиги юрист-консультанти билан суҳбатлашдик ва муаммога изоҳ сўрадик. 

Анваржон Нодировнинг изоҳ беришича, ушбу хусусий тиббий муассаса қурилиши билан боғлиқ муаммо шундан иборатки, ер майдонининг туман захирасига олиниши ва тадбиркорга берилишига доир туман ҳокимининг 2016 йил 28 июндаги 442-сонли ва 2016 йил 19 ноябрдаги 893-сонли қарорларини қабул қилишда айрим хатоликларга йўл қўйилган. 

“Туман ҳокимининг 2016 йил 28 июндаги 442-сонли қарори бўйича қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, 2016 йил 13 январда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси ва “Гузар Обод Зийнати” МЧЖ ўртасида Тўрақўрғон тиббиёт бирлашмасига қарашли бўш турган 1-сонли шифохона бино ва иншоотларини инвестиция мажбуриятлари эвазига нол харид қийматида сотиш бўйича 45/2340-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. Ушбу шартнома бекор қилинмасдан, яъни 1-сонли шифохона бино-иншоотлари ва улар жойлашган ер майдонлари туман тиббиёт бирлашмасига қайтарилмасдан туриб, 1,05 гектар ер майдони тиббиёт бирлашмасининг хатига асосан туман захирасига олинган.

Захирага олинаётган 0,75 га ер майдонида 1-сон шифохонага берилган NM 0018172-сонли гувоҳномага асосан 7та турли бино мавжуд бўлса-да, комиссия томонидан ушбу ер участкалари ўрганилмаган, бинолар ҳолатига аниқлик киритилмаган”, - деди биз билан суҳбатда туман ҳокимлиги юрист-консультанти. 

Бундан ташқари, Анваржон Нодировнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-бандига кўра, аҳоли пунктларида 1 гектаргача ва 1 гектар ер майдонларини юридик ва жисмоний шахсларга фақат танлов асосида доимий фойдаланишга бериш белгиланган. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сон шифохонасининг фойдаланувидан олинган 0,30 ва 0,75 гектарлик ер майдонлари бирлаштирилиб, танловга қўйилмасдан тадбиркорга бериб юборилган. 

Хўш, тадбиркор қураётган марказ хусусида маҳалла фаоллари қандай фикрда? Биз шу мақсадда бир неча оқсоқолларни сўзга тутдик. Уларнинг айтишича, туман тиббиёт бирлашмасига тегишли шифохонанинг ҳозирги мавжуд биноси 2 йилдан бери тўла таъмирлангани йўқ. Тадбиркор эса, ўз ҳисобидан кредит олмасдан, чиройли марказни ишга туширишни режаламоқда. Бу каби тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, бинони буздиришнинг ҳам уволи бор. Шунча меҳнат, бундай қурилиш ишларини амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди. Қолаверса, мазкур маҳалла республикадаги энг йирикларидан бўлиб, унда 25 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. 

Шу билан бирга, маҳалла фуқароларига замонавий тиббий хизмат кўрсатувчи бирорта даргоҳ мавжуд бўлмаса-да, туман ҳокимлиги ер майдонини қайтариб олиб, давлат бюджетидан 1-шифохона янгитдан тикланишини таъкидламоқда. Бу ҳол давлат раҳбарияти томонидан тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётган бир вақтда кузатилаётгани ажабланарлидир.  

P.S.: Республика Бош прокуратураси томонидан 2017 йил апрелида коррупцияга қарши кураш доирасида ўтказилган махсус амалиёт чоғида Туман ер тузиш ва кадастр бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Элёр Нодиров ҳамда туман фермерлар кенгаши раиси Шерзод Пўлатов 7 минг АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинган. Бундан аввал уларга 2200 АҚШ доллари ҳам берилган. Уларга нисбатан ЎзР Жиноят кодекси 168-модда, 4-қисми, 28-модда қўлланган ҳолда, 211-модда, 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, 2017 йил августида Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди судланувчиларни айбдор деб топган ва Э.Нодиров 10 йил 3 ойга, Ш.Пўлатов 10 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган. 

Тадбиркор А.Абдуллаевнинг айтишича, маҳкумлар даставвал туман ҳокими Ғ.Муродхўжаев номидан келиб, шифохона қурилаётган ер майдони учун 26 минг АҚШ доллари сўрашган. Албатта, бу ҳолат судда ўз исботини топмаган. Бироқ, “айнан юқоридаги махсус амалиёт ва суд ишларидан сўнг, туман ҳокими бизга берилган ер майдони тақдирини қайта кўриб чиқиш тадоригини кўра бошлади”, - дейди тадбиркор биз билан микрофонсиз суҳбатда. Хуллас, таҳририят воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Толиб Раҳматов,
KUN.UZ журналисти

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид