Ўзбекистон | 07:57 / 21.09.2018
17957
5 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан янги идоралараро комиссия ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичини ўтказиш режасига мувофиқ 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ўзаро баҳолаш режалаштирилган; 

ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичи муваффақиятли ўтиши ва Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда ФАТФ деб юритилади) тавсиялари ижросини таъминлаш мақсадида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар иштирокида хавфларни миллий даражада баҳолаш ўтказилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди. 

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади. 

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни баҳолаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, шунингдек, унинг асосида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга оид таклифлар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш; 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 

ФАТФ тавсияларидаги талабларни ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилишни таъминлаш; 

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш. 

Қуйидагилар зиммасига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни миллий даражада баҳолашни самарали ташкил этиш ва ўтказиш учун шахсий жавобгарлик юкланди: 

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Ш.Х.Атабаевга – тижорат банклари ва кредит ташкилотлари, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар хавфлари бўйича; 

б) Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари В.Ю.Пакка – лизинг хизматларини ва лотереялар ташкил этишни амалга оширувчи ташкилотлар, аудиторлик ташкилотлари, суғурталовчилар ва суғурта воситачилари хавфлари бўйича; 

в) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ж.Б.Юнусовга – биржа ва риэлторлик ташкилотлари хавфлари бўйича; 

г) Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари А.Ж.Ташкуловга – нотариал идоралар, адвокатлик тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар хавфлари бўйича;

д) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Б.А.Олматовга – почта алоқаси оператори ва провайдерлари хавфлари бўйича; 

е) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари Ф.М.Каримовга – қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари хавфлари бўйича. 

Департамент бошлиғи вазифасини бажарувчи – Комиссия раиси ўринбосари Д.Ф.Рахимов жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни миллий даражада баҳолаш юзасидан умумлаштирилган ҳисоботни тайёрлаш учун масъул этиб белгиланди. 

Мавзуга оид