Жаҳон | 11:54 / 27.09.2018
10033
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ Украинага тўртта шарт қўйди

Фото: Yuri Gripas / Reuters

Украина Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан янги, қисқа ҳамкорлик дастури - stand-by бўйича музокаралар олиб бормоқда. Молиявий ташкилот давлатга янги кредит олиш учун тўртта шарт қўйди. Бу маҳаллий «Иқтисодий ҳақиқат» нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, ХВЖ миссиясининг 6-19 сентябрь кунлари давомида Украинада бўлиши вақтида дастур ҳақида бир қарорга келинмаган, аммо мунозаралар давом этмоқда.

Манбаларнинг билдиришича, Украина томони газ нархини кўтариш масаласини кредит берувчи билан мувофиқлаштириб олди - мамлакатда ёқилғининг нархи 23 фоизга ўсиши керак. Бу ХВЖ олдиндан ҳам айтган биринчи шарт.

Иккинчиси коррупцияга қарши ислоҳотларга алоқадор. Жамғарма Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси фойдасига турли органлар ўртасида электрон декларацияларни текшириш бўйича функцияларни қайта тақсимлашни тавсия қилди.

Учинчи шарт бюджет билан боғлиқ. Газета маълумотларига кўра, ХВЖ мамлакат расмийларидан молиявий режани қабул қилишни талаб этмоқда, аммо у ҳали ҳам тасдиқланмади.

Ниҳоят, тўртинчи шарт - бу давлат фискал хизматини ислоҳ қилиш.

Дастур 5-6 миллиард доллар траншни назарда тутади ва 12-15 ойга мўлжалланган. Ушбу кредит тизими 1952 йилдан бери фаолият кўрсатади, у инқироз ҳолатларини бартараф этишда ёрдам беради. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қайси мамлакатларда тез орада валюта инқирози юз бериши мумкинлиги ошкор этилганди. 

Мавзуга оид