Жаҳон | 12:49 / 28.09.2018
14459
2 дақиқада ўқилади

Германия Трампнинг айбловига жавоб қайтарди

Фото: imago/photothek

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг мамлакат «Шимолий оқим-2» туфайли Россияга қарам бўлиб қолиши борасидаги баёнотларига жавоб берди. Унинг сўзлари Handelsblatt томонидан келтирилган.

«Янги ҳеч нарса йўқ, улар [айбловлар] ажабланарли эмас», - деди у. «Трампнинг баёнотини қўллаб-қувватловчи далиллар ва фактлар ҳақиқий вазиятга тааллуқли эмас. Германия ҳеч қандай жиҳатдан, айниқса, энергетика соҳасида Россияга қарам эмас», - деди Маас. Унинг таъкидлашича, «Шимолий оқим-2» - асосан сиёсий эмас, балки иқтисодий лойиҳадир.

Аввалроқ, БМТ Бош ассамблеясида нима учун Трампнинг устидан кулишгани маълум бўлганди.

«Агар сиёсатини дарҳол ўзгартирмаса, Германия Россия энергетикасига тўла қарам бўлиб қолади. Бу ерда, ғарбий ярим шарда биз мустақиллигимизни хорижий давлатлар экспансионистик тажовузларидан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдамиз», - деди Трамп. Шундан сўнг германиялик дипломатлар дарҳол кулиб юборишган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Германия ТИВ раҳбари Трампнинг шиорини танқид қилганди.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг «Америка ҳаммасидан устун» шиори жаҳондаги муаммоларни ҳал қилишда ҳеч қандай фойда бермайди. 

Мавзуга оид