Жамият | 18:26 / 28.09.2018
11541
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги ахборот-ресурс маркази ачинарли аҳволда қолмоқда

Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказида жойлашган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига қарашли ахборот-ресурс маркази Булунғур туман ҳудудий бўлимидаги аҳволни жамоатчилик эътирози асосида ўргандик.

Тўғриси, зиё маскани жойлашган бинонинг хароб аҳволини кўриб, ажабландик.

Ахборот-ресурс маркази Булунғур туман бўлимида китоб жамғармаси 30158тани ташкил қилар экан. Шундан 16691таси бадиий китоблар, қолгани эса ўқув адабиётлари ҳисобланади.

Ушбу бино охирги марта 2005 йилнинг декабрь ойида жорий таъмир қилинган.

Ўрганишимиз давомида аниқ бўлишича, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти С.Аҳмедовнинг 2017 йил 31 июлдаги 01-834-сонли Булунғур тумани ҳокими Ф.Жалолов номига ёзган хатида келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2006 йил 20 июндаги ПҚ-381-сонли, Самарқанд вилоят ҳокимининг 2006 йил 26-июндаги 103-Қ-сонли ва Булунғур туман ҳокимининг 2006 йил 21 августдаги 2822-Қ-сонли Қарорларига асосан Булунғур тумани марказий кутубхонасининг биноси Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти балансига бепул ўтказиб берилган. Бинода институт Ахборот-ресурс марказининг Булунғур филиали ташкил этилган.

Бугунги кунда ресурс маркази фаолиятини давом эттирмоқда, у ерда 7 нафар ишчи ходим ва 6 нафар техник ишламоқда.

Ачинарлиси, бино таъмирталаб, авария ҳолатида ва хавфли кўриниш олган. Бу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар амалий чора-тадбирларни олиб бормаган.

  •  Ҳолатни кўп мутасаддилар ўрганиб кетган, аммо бирор ўзгариш бўлгани йўқ, – дейди кутубхоначи Соҳиба Ҳайдарова.

Одамларга зиё тарқатувчи, маънавият улашувчи бу масканга борган одам бинонинг хароблигини кўриб, таъби хира бўлиши тайин. Бинонинг деворлари (фасад ва ички қисми) ёрилиб, кўчиб кетган. Том қисмидан ёғингарчилик кунларда сув ўтади.

Ахборот ресурс маркази ёнида сомсахона жойлашган ва санитария талабларига жавоб бермайди. Марказ бозор яқинида жойлашгани сабабли бино олди автомобилларга «беминнат» тўхташ жойи бўлиб хизмат қилмоқда. Бинонинг кириш қисмида чиқиндилар уюлган.

Бир ўйлаб кўринг, илм оламан, маънавиятли бўламан, деган қайси ёш бу жойга боради? Буни марказга аъзо бўлган китобхонлар сонидан ҳам билса бўлади – бу миқдор 1926 кишини ташкил этади.

Давлат раҳбари китобхонликни тарғиб қилиш керак, китоб ўқиш маданиятини кучайтирайлик, ёшларимизни китоб ўқишга қайтарайлик, деб таъкидлаб турган бир вақтда Булунғур туманидаги бу зиё маскани мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли.

Мавзуга оид