Иқтисодиёт | 09:44 / 02.10.2018
6863
2 дақиқада ўқилади

Brent нефтининг нархи бир суткада баррелига 85 доллардан ошди

Фото: РИА Новости

Brent маркали нефтнинг бир баррели нархи биржаларда 85 АҚШ долларидан ошди. Бу ҳақда ICE биржасидаги нархларга асосланиб РБК хабар бермоқда.

Кеча, 1 октябрь тунги соат 23:31 ҳолатида Brent маркали шимолий денгиз нефть аралашмасига декабрь фючерслари 2,8 фоизга ошиб, баррели 85,08 доллардан баҳоланди. Сўнгги марта 2014 йилнинг 3 ноябрида Brent нефтининг нархи 85 доллардан баланд бўлган. WTI маркали нефтнинг ноябрь фючерслари учун нархи ҳам 3 фоизга ўсиб, баррели 75,42 доллардан имзоланган.

Нефть нархи бир неча кундан буён пайдар-пай ошиб келмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, нархларнинг ошишига асосий сабаб АҚШ санкциялари фонида Эрон томонидан нефть экспортининг қисқартирилаётгани бўлмоқда. Шунингдек, Кувайт ҳам АҚШга нефть хомашёсини етказиб беришни 1990 йилдан буён илк марта тўхтатди. Bloomberg’нинг вазиятдан хабардор манбасининг айтишича, Кувайт ўз маҳсулотини кўпроқ фойда кўриш мумкин бўлган Осиё бозорларига йўналтирган. Агентликнинг маълумотларига кўра, Кувайт Осиё давлатларига ўзи қазиб оладиган нефтнинг 80 фоизини етказиб беради.

Котировкаларнинг ўсишига ОПЕК+ мониторинг қўмитасининг яқинда Жазоирда бўлиб ўтган вазирлар учрашувида қабул қилинган қарор ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Унда Саудия Арабистони ва Россия қазиб олишнинг зудлик билан қўшимча тарзда оширилишига қарши чиққан эди. АҚШ президенти Дональд Трамп илгарироқ жаҳон нархларини тушириш учун зудлик билан чора кўришга чақирган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид