Ўзбекистон | 21:18 / 02.10.2018
18202
3 дақиқада ўқилади

Франциянинг «Decathlon» компанияси Ўзбекистон бозорига кириши мумкин

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Бугун, 2 октябрь куни Франциянинг спорт анжомлари ва кийимлари ишлаб чиқарувчи машҳур «Decathlon» компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори Жером Антонио да Сильва билан учрашув ташкил қилинди, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси. Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси номидан бош котиб Жасур Матчанов иштирок этди.

«Спортчи бўлганимда мен ҳам айнан «Decathlon» спорт анжомларидан фойдаланардим. Компаниянгиз ўз сифатли маҳсулотлари билан жаҳон бўйлаб ном қозонган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бунинг учун албатта яхши шароитлар ва сифатли спорт анжомлари бизда бўлиши керак», – деди МОҚ Бош котиби.

Франциялик меҳмон бунга жавобан компания миссияси Ўзбекистон кўзлаган мақсадга мос келиши ҳақида гапирди.

«Ўзаро мақсадларимиз бир-бирига мос тушмоқда. Бу ажойиб. Мақсадимиз спорт билан шуғулланиш учун барчага шароит яратиб беришдир. Ўзбекистонда кўплаб жабҳаларда ислоҳотлар кетаётганидан хабаримиз бор. Марказий Осиё мамлакатларидан бири билан ҳамкорлик қилиш истагидамиз. Айни пайтда айнан қайси давлатда фаолият бошлаш устида изланишлар олиб бормоқдамиз», – деди Жером Антонио да Сильва.

Ўз навбатида Жасур Матчанов компания учун Ўзбекистон энг маъқул вариант эканлигини, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг афзалликлари ва яна бир қатор қулайликлар ҳақида гапириб берди.

«Decathlon» компаниясига 1976 йилда асос солинган бўлиб, спортнинг саксондан ортиқ тури учун спорт буюмлари ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган. Компания 80 дан ортиқ спорт тури учун спорт инвентарлари ишлаб чиқаради. Компания 20дан ортиқ савдо маркасига ва Европа, Осиё, Жанубий Америка, Африка қитъаларидаги 45 мамлакатда 1500 дан ортиқ дўконларига эга. 

Компаниянинг ўз илмий-тадқиқот маркази ҳам бўлиб, у спорт жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича тадқиқотлар олиб боради.

Маълумотларга кўра, компаниянинг жаҳон бўйича ходимлари сони 70 мингдан ортиқ бўлиб, умумий савдо айланмаси йилига 9 миллиард евродан ошади.

Мавзуга оид