Жаҳон | 16:55 / 02.10.2018
17626
3 дақиқада ўқилади

Reuters: АҚШнинг обрўси пасайиб кетди

Фото: REUTERS

Қўшма Штатларнинг президент Дональд Трамп раҳбарлиги пайтидаги обрўси Америка иттифоқдошлари олдида анча пасайди, деб хабар бермоқда Reuters Pew Research Center тадқиқотига асосланиб.

Қўшма Штатларнинг обрўси бир йил давомида ёмонлашди, бу вақт ичида Трамп Канада ва Германияга ҳужумларини кучайтирди, дейилади материалда.

Pew Research Center сўровининг кўрсатишича, 2017 йилда - Трамп ҳукмронлигининг биринчи йилида - катта муваффақиятларга эришган Америка имижи 2018 йил давомида кўплаб давлатларда, айниқса Европада ёмонлашди.

Ҳозирги вақтда немисларнинг атиги 30 фоизи Қўшма Штатларга ижобий муносабатда бўлиб турибди - бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5 фоизга камайган. Французларнинг фақат 38 фоизи ва канадаликларнинг 39 фоизи Қўшма Штатларга ижобий муносабатда бўлмоқда.

Агентликнинг қўшимча қилишича, 2017 йил январидан бошлаб, яъни Дональд Трамп АҚШ президентлигига расман киришганидан сўнг, у бир томонлама равишда халқаро ҳамкорликнинг иқлим бўйича Париж битими ва Эрон ядро битими (Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси, унда Россия, Хитой, Франция ва Буюк Британия ҳам бор) каби шаклларидан чиқиб кетди.

Бундан ташқари, у Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва Россия президенти Владимир Путин каби раҳбарлар билан дўстлашиб олди, шунингдек, НАТО бўйича иттифоқдошлар ва яқин қўшниларни танқид қила бошлади, дейилади материалда.

Июнь ойида, Канададаги G7 саммитидан сўнг, Трамп АҚШ иттифоқчилари билан қўшма баёнотни имзолашдан бош тортди ҳамда мезбон мамлакат етакчиси - бош вазир Жастин Трюдонинг устидан кулиб, унинг хатти-ҳаракатини «беҳуда ва заиф», дея таърифлади. Америка етакчиси мудофаа харажатларнинг пастлиги ва Россия газига бўлган қарамлик туфайли Германияни бир неча бор танқид остига олди, дея аниқлик киритади Reuters.

Ўтган ҳафта, Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида нутқ сўзлаб, АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги икки йил давомида АҚШ тарихидаги исталган маъмуриятдан кўпроқ иш қилганини иддао этиб, жаҳон етакчиларининг кулгисига сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британияда дарғазаб Трампнинг ноодатий ҳайкали пайдо бўлганди.

Мавзуга оид