Ўзбекистон | 01:36 / 02.10.2018
17960
3 дақиқада ўқилади

"Шарқ" поездлари: Темирйўлчилар нимага эътибор қаратишлари керак?

"Ўзтемирйўловчи" АЖ сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва "Афросиёб" тезюрар поездлари ишини енгиллаштириш имконини берувчи "Шарқ" электр поездлари таркибидаги қўшимча вагонларни тақдим этди. Тақдимот тури доирасида "Ўзбекистон темир йўллари" ва Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) вакиллари "Шарқ" поездида туристларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга доир кейинги қадамларни муҳокама қилишди. ХСТУ матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг августида туроператорлар "Ўзтемирйўловчи" АЖ раҳбарияти билан учрашувда темирйўлчиларга уларнинг фаолиятида ёрдам бериши мумкин бўлган бир неча таклиф киритишган эди. Хусусан, туристик операторлар Тошкент ва Бухоро ўртасида ҳаракатланувчи "Шарқ" поездлари таркибини янгилаш ва ошириш имконини қайта кўриб чиқишни сўрашганди. 

"Бухорога борувчи сайёҳлар оқимининг ошиши кузатилмоқда. Хорижий меҳмонлар бу шаҳарга кўпроқ саёҳат қилишмоқда. Биз мактаб ўқувчилари, меҳнат жамоалари учун касаба уюшмалари хатига биноан саёҳатлар ташкиллаштиряпмиз, - дея вазиятга изоҳ беради Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси вакили Зулфия Нурматова. - Темир йўллари - Тошкентдан Бухорога боришнинг энг оптимал трансфер усулларидан бири. Саёҳатларни ташкиллаштириш нуқтаи назаридан энг оптимал вариант "Афросиёб" поезди ҳисобланади, бироқ сўнгги вақтларда у ҳаддан зиёд юкланган ва унга чипта харид қилиш жуда қийин. Муқобил вариант - "Шарқ" поездлари ёрдамга келади, лекин охирги вақт унга чипта топиш ҳам қийин бўлиб қолди".

Юзага келган вазият ечимларидан бири "Шарқ" поезди таркибидаги вагонлар сонини оширишдир. Темирйўлчилар режасига кўра, поезд умумий ҳисобда 240 йўловчини сиғдира олувчи 5 вагонга кўпайиши керак. Ҳар бирида 48 тадан ўрин бўлган тўрт вагон поезд таркибида ҳаракатланмоқда. Бу вагонлар ўтириш жойлари бўлган 6 ўринли купедан иборат. Яқин орада поезд таркибига 36 ўринли яна бир вагон қўшилади. У бизнес-тоифадаги йўловчиларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. 

"Шарқ" поезди таркибида ҳаракатланувчи янгиланган вагонларнинг илк йўловчилари орасида тақдимот тури иштирокчилари - "Ўзбекистон темир йўллари"нинг етакчи ходимлари, ХСТУ ҳамда чипта сотувчи кассалар, шунингдек ОАВ вакиллари ҳам бор эди. Сафар давомида ХСТУ ва "Ўзбекистон темир йўллари" вакиллари "Шарқ" поездида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди. 

Муҳокамалар якунига кўра, темирйўлчилар билдирилган барча таклифларни инобатга олишга ваъда беришди.

 

 

 

 

 

Мавзуга оид