Ўзбекистон | 20:58 / 06.10.2018
10709
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда шамолдан электр энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани / Фото: KUN.UZ

Бугун, 6 октябрь куни Сурхондарё вилоят ҳокимлигида Туркиянинг “ETKA CO ENERJI” AŞ ҳамда Тошкентдаги “ШАМС” илмий маркази вакиллари Зулфиқор Устунгар ва Зафар Шерматов билан бўлган мулоқотда ушбу компания томонидан Бойсун туманида 600 мВт. электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган шамол энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида сўз юритилди. Бу ҳақда ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берилмоқда.

Хабарда айтилишича, мулоқотда “ETKA CO ENERJI” AŞ компанияси “ШАМС” илмий маркази билан ҳамкорликда Бойсун туманининг тоғли ҳудудида шамол электр станциясини қуриш ва муқобил электр энергия ишлаб чиқариш учун умумий қиймати 1 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш тўғрисида келишиб олинди.

Бундан ташқари, шамол энергияси ускуналари ва жиҳозларини ўрнатиш, лойиҳа ишга тушгач ишлаб чиқарилган электр энергияни ҳозиргидан 10 фоиз арзонлаштирилган ҳолда сотиш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар бўйича ҳам келишувга эришилган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Ҳокимликнинг билдиришича, ушбу йирик лойиҳани 2020 йилгача фойдаланишга топшириш режалаштирилаётган бўлиб, бунинг натижасида Бойсун ва Шеробод туманларидаги истеъмолчиларни муқобил электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш сифати янада ошади ҳамда юздан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид